Муносабат
МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақанинг барқарор ривожланиши, иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион тараққиётни жадаллаштиришда муҳим ўрин тутади.
Бугунги глобал беқарорлик ва геосиёсий ўзгаришлар шароитида Президент томонидан билдирилган таклифлар минтақа давлатлари олдида турган долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган амалий ва конструктив ёндашув сифатида аҳамият касб этади.

Президент ўз нутқида МДҲ формати аҳамиятли ва ҳаётий тузилма эканини, у барча иштирокчи давлатлар учун самарали мулоқот ва ҳамкорлик майдони бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлади. Шу боис, умумий мақсадларга эришиш учун ташкилотнинг салоҳиятини реал имкониятлар билан уйғунлаштириш, қоғозда қолиб кетадиган қарорлар ўрнига амалий натижа берувчи лойиҳаларга эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида урғуланди.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклифлар ичида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар алоҳида ўрин тутади. Жумладан, барча транспорт турлари билан интеграциялашган ахборот-логистика марказларини яратиш, давлат-хусусий шерикликни кучайтириш бўйича МДҲ конференциясини Ўзбекистонда ташкил этиш таклифлари ҳозирги замонда жуда долзарбдир. Бу нафақат юк ташиш самарадорлигини ошириш, балки минтақавий савдо айланмасини кўпайтириш, янги транзит йўналишларини очиш, экспорт салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, иқтисодий зоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни ривожлантиришга доир “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, МДҲ Венчур платформасини яратиш орқали стартаплар ва инновацион ғояларни молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш таклифи ҳозирги рақобат муҳитида жуда муҳимдир. Бу ташаббуслар инновацион иқтисодиёт сари қадам ташлаш, илмий изланишлар ва технологияларнинг амалиётга жорий этилишига кенг йўл очади.
Президентнинг Тошкент шаҳрида “ИННОПРОМ” кўргазмаси доирасида МДҲ инновацион саноат форумини ўтказиш таклифи эса қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини муҳокама қилиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, замонавий технологиялар алмашинувини йўлга қўйиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади. Бунинг натижасида аъзо давлатлар ўртасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ўзаро боғлиқлик кучаяди, маҳаллийлаштириш даражаси ошади, экспортга йўналтирилган янги қўшма корхоналар ташкил этилади.
Шунингдек, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳаларида кўп томонлама ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, бу йўналишларда тажриба ва технологиялар алмашишни йўлга қўйиш ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан биридир. Рақамли трансформация нафақат иқтисодиёт, балки таълим, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви каби муҳим соҳаларда ҳам самарадорликни оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. МДҲ давлатларининг бу борадаги ҳамкорлиги инновацион муҳитни шакллантиришга, рақамли тенгликка эришишга хизмат қилади.
Таълим, фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги ташаббуслар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Президент томонидан илгари сурилган дипломларни ўзаро тан олиш бўйича янги давлатлараро келишув тайёрлаш таклифи, Хива шаҳрида МДҲ Ёшлар форумини ўтказиш, Ёшлар инновация лабораториясини ташкил этиш каби ғоялар ёшлар ўртасида ўзаро англашув, инновацион ёндашув ва интеллектуал салоҳиятни ошириш учун мустаҳкам замин яратади. Бу каби ташаббуслар маданиятлараро мулоқотни кенгайтириш, ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайди.
Президент хавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. МДҲ мамлакатлари ташқи сиёсат идоралари ва махсус хизматлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, ахборот алмашинувини тизимлаштириш бўйича таклифлар терроризм, экстремизм ва трансмиллий таҳдидларга қарши биргаликда курашишни мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда МДҲ давлатларининг инфратузилма лойиҳаларида биргаликда иштирок этиши, бу мамлакатда тинчликни таъминлаш ва уни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этишда катта аҳамиятга эга бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида билдирган ташаббуслари амалий ва келажакни ўйлаган ёндашуви билан ажралиб туради. Бу таклифлар МДҲ доирасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ташкилотни ҳаётий ва рақобатбардош структурага айлантириш, аъзо давлатлар манфаати йўлида ишлайдиган самарали механизмларни шакллантиришга хизмат қилади. Ушбу ёндашув нафақат ташкилот келажаги, балки Евроосиё минтақасидаги тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шерали Мамадецоев,
Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Сирдарё вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари.
ЎзА