Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тараққиёт ва фаровонликнинг ҳуқуқий асоси
14:06 / 2025-12-06

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.

Сана муносабати билан таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда Бош қомусимизнинг тарихи, моҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган учрашув ва мулоқотлар, кўргазмалар ўтказилмоқда.

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий кўчаси “Конституция кўчаси” сифатида намоён бўлиб, бу ерда мамлакатимиз Бош қонунига оид кўргазмалар ташкил этилди. Вилоят адлия бошқармаси ходимлари, ҳуқуқшунослар аҳолига Конституциянинг аҳамияти, ундаги инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган нормалар ҳақида маълумотлар бермоқда.

Вилоят ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги вилоят раҳбарлари, депутатлар, фаоллар ва жамоатчилик вакиллари кўчада жойлаштирилган мазкур кўргазмалар билан танишдилар. Бу каби тадбирлар жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, халқимиз, айниқса, ёшларнинг Конституция ва қонунларга оид билимларини бойитишга хизмат қилиши таъкидланди. 

Тадбир давомида илк бор паспорт олаётган 10 нафар ёшга ID карталар тантанали суратда топширилди. 

Шундан сўнг, Самарқанд шаҳридаги концерт залида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан тантанали маросим ўтказилди.

[gallery-26599]

Унда вилоят фаоллари, ҳокимлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, ҳарбийлар, нуронийлар ва ёшлар вакиллари иштирок этди.
Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев тадбир қатнашчилари ва улар тимсолида барча самарқандликларни Конституция куни билан табриклади.

– 2023 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва фаол иштирокида янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямиз жамият ва давлатни янада ривожлантириш, Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратди – деди А.Бобоев. – Унда энг устувор мақсад сифатида инсон қадри, инсон манфаати деган тушунчалар белгиланди. Конституцияда илк маротаба ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга эканлиги ва ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Барча модда ва нормаларда ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойилига, фуқароларнинг муносиб турмуш даражаси ва сифатига эришишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга қаратилган ижтимоий давлат белгилари ўз ифодасини топди.

Вилоят раҳбари мамлакатимиз Конституцияси амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

– Жорий йил 9 ой якуни билан вилоятимизнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 87,5 триллион сўмни ёки ўсиш суръати 107,7 фоизни ташкил этди, – деди А.Бобоев. – Жумладан, саноат ишлаб чиқариши 7,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,9 фоизга, хизматлар 14 фоизга ва қурилиш ишлари ҳажми 22 фоизга ўсиши таъминланди. 2025 йилда иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳисобига 1,9 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Шунингдек, қиймати 656 миллион долларлик 18 та йирик ва аҳамиятли лойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳудудий инвестиция дастур доирасида қиймати 954,2 миллион долларлик 770 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 14800 яқин янги иш ўрни яратилди. Лекин бу натижалар биз учун марра бўлиб қолмайди, 2026 йил учун олдимизга жуда катта мақсадларни қўйганмиз. Яқинда ҳурматли Президентимиз вилоятимизга ташрифлари чоғида Самарқандни республикага намуна бўладиган ҳудудга айлантириш юзасидан яна бир қатор вазифаларни белгилаб бердилар. Бу борада барчамиз ҳамжиҳатликни меҳнат қилиб, албатта, кўзлаган натижаларга эришамиз, давлатимиз раҳбари олдида юзимиз ёруғ бўлади. 

Тадбир самарқандлик таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури билан давом этди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА