Муносабат
Юртимиз ривожи учун муҳим қўлланма бўлган Мурожаатнома билан танишар эканмиз, бу чиндан тараққиёт учун қўлланма эканлигига ишонч ҳосил қилдик. Янги 2026 йилни – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб номланиши эртанги кунга бўлган ишончни, мамлакат тараққий этиши баробарида юксалиб, инсон қадрини янада ошишига хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Мурожаатномада миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини ошириш, маънавий-маърифий ҳаётни ривожлантириш, ёш авлод тарбияси, таълим ва маданият соҳаларига алоҳида эътибор қаратилгани Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурий мақсад ва вазифалари билан тўлиқ уйғун эканини таъкидлаш жоиз.
Хусусан, миллий қадриятларимизни асраш, тарихий меросимизни тиклаш ва уни кенг тарғиб этиш борасида билдирилган ташаббуслар Наманган вилояти мисолида ўз ифодасини топмоқда. Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент археологик ёдгорлиги, Наманган шаҳрининг тарихи ва меъморий обидаларини сақлаш ва ободонлаштириш, маданий мерос объектларини реставрация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг амалий ифодасидир.
Қолаверса, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, иқтисодий фаолликни ошириш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган вазифалар вилоят аҳли учун айниқса, долзарб. Жумладан, тўқимачилик, боғдорчилик ва қайта ишлаш саноатида амалга оширилаётган лойиҳалар, “Наманган – республиканинг саноат маркази, кичик бизнес ва тадбиркорлар шаҳри” тамойили асосида яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга хизмат қилмоқда.
Мурожаатномада ёшлар сиёсатига қаратилган алоҳида эътибор вилоятимизда ҳам ўз самарасини бермоқда. Ёшлар учун ташкил этилаётган таълим марказлари, касб-ҳунарга ўқитиш дастурлари, маданий ва маънавий-маърифий лойиҳалар ёш авлодни миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Бу эса партиямиз дастурий мақсадлари билан ҳамоҳанг.
Ишонамизки, Мурожаатномада белгиланган аниқ мақсад-вазифаларни биргаликда бажариш орқали Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида янада салмоқли натижаларга эришамиз.
Собитхон Мирзаев,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Наманган вилоят кенгаши раиси.
ЎзА.