Бугунги кунда барча соҳалар қатори маданият ва санъат, маънавий-маърифий ишлар ривожига катта эътибор қаратилмоқда, бу йўлда фармон ва қарорлар қабул қилиняпти.
Хусусан, шундай ҳужжатларнинг муҳимларидан бири –Тараққиёт стратегияси 7 та устувор йўналиш, 100 та мақсад ва жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган 398 та чора-тадбирдан иборат.
Дастурнинг 5-чи йўналиши Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш, деб номлангани бу борадаги ишлар ривожини янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мухтасар айтганда, дастурнинг бешинчи йўналиши 75–мақсадида Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларини ривожлантириш, аҳолининг бадиий-эстетик дидини юксалтиришга оид қатор вазифалар белгиланди.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси масъуллигида атоқли халқ рассомларининг ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда улар хотирасини абадийлаштириш чора-тадбирлари амалга оширилади.
Бу ҳақда Бадиий академия ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Жумладан, жорий йилда Ўзбекистон халқ рассомлари - Чингиз Ахмаров таваллудининг 110 йиллиги, Зинаида Ковалевская таваллудининг 120 йиллиги кенг нишонланади. Шу муносабат билан рассомларнинг яшаб ва ижод қилган уйларига ёдгорлик лавҳаларини ўрнатиш, ижодий кўргазма ва илмий-амалий конференциялар ўтказиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини халқаро даражада оммалаштириш мақсадида Бадиий академия ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида халқаро санъат тадбирлари, яъни Замонавий санъат биенналеси, “Тошкент қувончлари” халқаро болалар расмлари биенналеси, “Тасвирий ва амалий санъат” фестивали ташкил этилади.
Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш учун соҳа бўйича бадиий ва илмий салоҳиятни кучайтириш, болалар санъатини ривожлантириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижодий имкониятларини янада кенгайтириш, бадиий таълим сифатини оширишга йўналтирилган вазифаларни бажаришда замонавий, таъсирчан усул ва шаклларни қўллаш кўзда тутилган.
Халқаро ижодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида жаҳон тасвирий ва амалий санъати тараққиётига ҳисса қўшган, соҳа бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйган малакали номзодларни фахрий хорижий аъзоликка тавсия этиш чора-тадбирлари амалга оширилади.
Таъкидлаш керакки, бундай эътибор соҳа вакилларини мамнун қилиш билан бирга уларга жуда катта масъулият юклайди. Пировардида бундай вазифаларнинг ижроси мамлакатимизнинг бой бадиий мероси, Янги Ўзбекистонда ўзбек тасвирий санъатининг ютуқларини кенг танитишга хизмат қилади.
Пировардида айтиш керакки, Тараққиёт стратегияси мамлакатимиз бадиий-маърифий жараёнини ҳам янада равнақ топтиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА