Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тараққиёт стратегияси – Янги Ўзбекистон пойдевори
15:45 / 2022-02-12

Президентимиз томонидан илгари сурилган, “Инсон-Жамият-Давлат” янги тамойили ҳамда “Инсон қадри учун” устувор тамойилни вилоятда тўлақонли амалга ошириш деганда, ҳар бир ватандошимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириши, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланиши шубҳасиз.

Тараққиёт стратегияси – Янги Ўзбекистон пойдевори

Президентимиз томонидан илгари сурилган, “Инсон-Жамият-Давлат” янги тамойили ҳамда “Инсон қадри учун” устувор тамойилни вилоятда тўлақонли амалга ошириш деганда, ҳар бир ватандошимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши, тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириши, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминланиши шубҳасиз. Ушбу улуғвор ишларни самарали амалга оширишда эса “Ҳаракатлар стратегиясидан - Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойилдан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Еттита устувор йўналишдаги масалаларни қамраб олган тараққиёт стратегияси, унда илгари сурилган таклиф-ташаббусларнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида узоқ фикр юритиш мумкин. Асосийси, ушбу ҳужжат беш йил олдин ҳаётимизга татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегияси натижасида эришилган халқ билан мулоқот қилиш тизими орқали юртдошларимиз томонидан билдирилган ҳаётий таклиф ва ташаббусларни ўзида мужассамлаштирган. Бугунги глобаллашув жараёнида Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида тутган роли ва ўрнини ошириш, халқ фаровонлиги, тинчлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлайдиган эркин жамият ва адолатли давлат қуришга, мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш каби еттита йўналиш ва юзга яқин аниқ мақсадларни ўзида мужассамлаштирганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Айтмоқчи бўлганим, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган тараққиёт стратегиясида инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш биринчи йўналиш сифатида бежиз белгиланмаган. Қайсики, депутатлар фаол бўлса, бошқа жамоат тузилмалари уларга қараб андоза олади. Жамият ҳаётида ўз ўрнига эга бўлишга ҳаракат қилади. Натижада ижрода қайсидир масала эътибордан четда қолиши ёки пайсалга солиниши, балки қийин бўлишининг олди олинади.

Она диёримизнинг энг қадимий тарихга, ўзига хос маданиятига эга, ер ости ва ер усти бойликлари кўплиги билан ажралиб турадиган, бугун ҳар томонлама жадал ривожланаётган вилоятларидан бири – Қашқадарёдир.  

Вилоят раҳбари сифатида, вилоятнинг ҳар бир фуқароси учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб бериш йўлида ўз олдимизга бир қатор талаб ва вазифаларни қўйган ҳолда, уларни оғишмай амалга оширишга бурчли эканимни ҳар доим ҳис қиламан. Халқ хизматчиси сифатида воҳа аҳлини оғирини енгил қилиш учун барча раҳбарларимизни бир мақсад йўлида бирлаштириб, улар учун барча шарт-шароитлар яратиб беришни мақсад қилганман.

Шу ўринда, республикада тадбиркорликни ривожлантириш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилганлиги ҳамда Президентимиз “2021 йил - Қашқадарёда тадбиркорликни ривожлантириш йили” деб эълон қилганлари натижасида вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари сони 61 минг 512 тага, кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 69 фоизга, (2020 йил якунида 60,1фоиз), саноатда 25 фоизга, хизмат кўрсатишда 75 фоизга, бюджет тушумидаги улуши эса 58 фоизга етказилди. Бу эса, аҳоли даромадларини ошишига, кучли ижтимоий ҳимоя учун маблағларни йўналтирилишига туртки бўлди.

Тадбиркорлик орқали аҳоли даромадларини ошириш, иш ўринларини кўпайтиришни мақсад қилган бўлсак, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари орқали қишлоқ ва маҳаллаларимиз ободлигига ҳисса қўшмоқчимиз.

Муротжон Азимов,
Қашқадарё вилояти ҳокими.
ЎзА