French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тараққиёт стратегияси миллий ривожланишнинг янги босқичини бошлаб беради
16:04 / 2022-02-08

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ҳамда уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича давлат дастури билан танишиб, барча ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш ва халқ манфаатларига қаратилганига амин бўлдим.

Тараққиёт стратегияси бевосита халқимиз билан маслаҳатлашиб, одамларнинг фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу стратегияда яқин ва ўрта истиқболда Ўзбекистоннинг тараққиёт тенденциялари, келгусидаги фаолиятимизни белгилайдиган  устувор мақсад ва вазифалар, давлат ва жамият ҳаётининг барча йўналишларини комплекс ривожлантириш масалалари, кейинги йилларда қабул қилинган қонун ва қарорлар, дастур ва режаларни янги даврда қандай давом эттиришимиз, уларга қандай қўшимча ва ўзгартиришлар киритишимиз керак, деган саволларга чуқур ва атрофлича жавоб берилган. 

Шу йилнинг 26 январь куни Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича вазифаларни белгилаб бериб, янги ғоялар, инновациялар ва янгиликларни таклиф қилди. Мамлакат раҳбари келгуси беш йил учун устувор йўналишларни белгилаб берар экан, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият эканлигини алоҳида таъкидлади.  

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида биринчи ўринга шахс, инсон қадри юқори ўринга қўйилиб, «инсон – жамият – давлат» деган янги тамойил асосида давлат ва жамият бошқаруви ташкил этилади. Хусусан, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш деб номланган тўртинчи йўналишда 34 та мақсаддан иборат 62 та топшириқ берилган. 41-мақсадга асосан, мактабларни ривожлантириш Миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш, бунда янги мактаблар қуриш, хусусий миллий мактабларни кўпайтириш, таълим сифатини оширишни назарда тутувчи дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгиланган. Ўқув ўринлари сонини 2026 йил якунига қадар 6,4 миллионгача етказиш, нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларга шароит ва имкониятларни кенгайтириш орқали уларнинг улушини 2026 йилга 8 фоизга, шу жумладан, 2022 йилга 3 фоизга ошириш кўзда тутилган.  

2022-2026 йилларда 217 та “Баркамол авлод” болалар мактабини ривожлантириш бўйича дастурни амалга ошириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, ёшларни санъат дунёсига ошно этиш, компьютер ва IT технологиялари соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлишлари учун зарур жиҳозлар билан таъминланган 100 мингдан ортиқ бепул тўгараклар ташкил этилади. Чекка ҳудудларда мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасаларигага транспорт қатновини йўлга қўйилади. 42-мақсадга асосан, 2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарликларни илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта кўриб чиқиб, амалда жорий этиш режалаштирилган. Хусусан, Миллий ўқув дастурига асосан, 2026 йилга қадар 699 номдаги шу жумладан, 2022 йилда 296 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари ҳамда мобил иловалар яратилади. Ўқитувчиларни Миллий ўқув дастури бўйича янги методикаларга ўқитиш мақсадида электрон малака ошириш платформаси учун 2026 йилга қадар жами 769 та видеодарс яратиш, умумтаълим мактабларида дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни тажриба-синовдан ҳамда чет эллик мутахассислар иштирокида экспертизадан ўтказиш тизимини жорий этиш белгиланган.  

43-мақсадга кўра, малакали ўқитувчиларнинг ойлик маошлари босқичма-босқич 1000 АҚШ доллари эквивалентига етказилади. Иқтидорли ўқитувчиларнинг иш ҳақларини малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда ошириб бориш, ўқитувчиларга малака тоифаларини бериш тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда малакани баҳолаш методикаси асосида адолатли ва шаффоф тизимни жорий этиш белгиланди. Мактабларда таълим сифатини ошириш, педагог-кадрларнинг билими ва малакасини халқаро даражага олиб чиқиш 44-мақсаднинг асосини ташкил этади. Бунда мактабда фаолият олиб бориши учун ҳар бир фан бўйича маҳаллий ёки халқаро сертификация талабларини белгилаш, тоифага эга бўлмаган мактаб ўқитувчиларини билим вакўникмаларини диагностикадан ўтказиш, умумтаълим мактабларини, айниқса, чекка ҳудудлардаги таълим маканларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлдириш ишларини давом эттириш, мактабларда директор ва унинг ўринбосарларини тайинлаш тизимини мактаб ўқитувчилари ва ота-оналарнинг иштирокида амалга оширишни назарда тутган ҳолда янада такомиллаштириш, халқ таълими тизими туман бўлинмалари фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш ҳисобига оптималлаштириш кўзда тутилган.  

45-мақсадга асосан, бошланғич синф ўқувчилари босқичма-босқич бепул овқат билан таъминланади. Хусусан, бу йил Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажрба-синов тарфасида бошланғич синф (1-4-синф) ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизими жорий этилади. Тажриба-синов натижаларга кўра, бошланғич синф (1-4-синф) ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизимини кенгайтириш масаласини кўриб чиқилади. Ушбу йўналишда вилоятимизда ҳокимлик томонидан касбга ўқитиш кўламини икки баравар ошириб, 81,5 минг нафарга етказиш режалаштирилган. Болаларнинг мактабгача таълимга қамров даражасини 67 фоиздан 82 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олишни 100 фоизга етказиш кўзда тутилган. 

Мактабларни ривожлантириш миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 154 минг ўқувчи ўрни яратиш мақсадида 746 та (38 та янги, 546 та реконструкция, 162 та мукаммал таъмирлаш) мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Вилоятдаги 17 та “Баркамол авлод” болалар мактабларида 7150 та бепул тўгарак фаолияти йўлга қўйилади. Олий таълим муассасалари сони 16 тага етказилади ва қамров даражаси 50 фоизга етади. Самарқанд шаҳрида 20 минг нафар талабага мўлжалланган “Ёшлар шаҳарчаси” барпо этилади.  

Хорижий давлатларнинг етакчи техника университети билан биргаликда Самарқанд технология университети ташкил этилади. Мамлакатимиз ҳаётида ғоят муҳим давр бошланмоқда. Бу – янги тараққиёт ва миллий юксалиш давридир. 35 миллиондан иборат кўпмиллатли халқимиз дунёдаги ривожланган давлатларга хос ҳаёт даражасига эришиш, адолатли, эркин ва обод жамият қуришдек улуғвор мақсадлар билан яшамоқда. 

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси бу мақсадларга эришишнинг асоси сифатида миллий ривожланишнинг янги босқичини бошлаб берадиган, халқимизни умуминсоний мақсадлар йўлида бирлаштириб турадиган муҳим тарихий дастурдир.  

Зебинисо ШОДИЕВА,  
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи  
ЎзА