Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тараққиёт стратегияси лойиҳасига таклиф билдирган фаол фуқаролар тақдирланди
20:24 / 2022-03-25

25 март куни “Тараққиёт стратегияси” марказида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси лойиҳасида фаол иштирок этган бир гуруҳ фуқароларни тақдирлашга бағишланган тадбир ташкил этилди.

Ўтган беш йил мобайнида Ҳаракатлар стратегияси доирасида халқ билан мулоқот қилиш, амалга оширилган ислоҳот ва ташаббусларни кенг жамоатчилик ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида муҳокамадан ўтказиш, фаол фуқаролик назоратини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Бунда ҳар бир соҳа кесимида амалга оширилган ислоҳотларнинг натижадорлиги, вазирлик ва идораларнинг ҳисобдорлиги ортиб, фуқаролар билан доимий асосда ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Муҳими, ушбу очиқлик сиёсати бугун олиб борилаётган ислоҳотларда ҳам бош мезон бўлиб келмоқда. Жумладан, мамлакатимизни келгуси беш йилда ривожлантиришга қаратилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси лойиҳаси ҳам тўпланган тажриба ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, 2021 йилнинг 30 декабридан 2022 йилнинг 15 январь санасига қадар кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.

Муҳокамалар жараёнида барча юрдошларимиз, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда давлат органлари фаоллигини янада ошириш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан махсус видеоролик, инфографик маълумот ва слайдлар тайёрланиб, давлат ва нодавлат телерадиоканаллар, босма ва электрон нашрлар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали фаол тарғибот ишлари олиб борилди. Давлат органлари масъул ходимлари, соҳа мутахассислари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, турли соҳа вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида конференциялар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилди.

Натижада муҳокамалар давомида фақатгина электрон платформалар орқали 17 мингдан ортиқ таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Хусусан, кўплаб юртдошларимиз, вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари томонидан электрон почта манзиллари ҳамда телефон қўнғироқлари орқали 1000 дан ортиқ таклифлар юборилди.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда Ҳаракатлар стратегиясига нисбатан мамлакатимиз аҳолисининг иштироки сезиларли даражада ортди. Бу билан ҳужжатнинг янада халқчиллиги таъминланди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида йўлга қўйилган халқ билан мулоқот тизими изчиллик билан давом эттирилди. Чунки, айнан Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ишларни амалга ошириш жараёнида давлат органларининг аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқоти йўлга қўйилди.

Шу ўринда, Тараққиёт стратегиясининг ҳар бир босқичини амалга оширишда жамоатчилик назорати иштирокининг кучайтирилаётгани ҳам эътиборга молик. Табиийки, бундай назоратни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратилаётгани эса алоҳида диққатга сазовор. Энг муҳими, ҳар бир мақсаднинг амалга оширилиш жараёни аҳоли томонидан доимий равишда кузатиб борилиши таъминланмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Тараққиёт стратегияси лойиҳаси бўйича таклиф билдирган барча фуқароларни улар томонидан берилган таклифларни амалга ошириш имконияти ва ҳолати тўғрисида хабардор қилиш мақсадида бугунги кунга қадар 2 мингдан ортиқ фуқарога таклифларининг келгуси тақдирини маълум қилишга қаратилган ташаккурномалар юборилди.

“Тараққиёт стратегияси” марказида ташкил этилган тадбирда Тошкент шаҳридан туриб таклиф билдирган маҳаллий Кенгашлар депутатлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда бир гуруҳ фаол фуқаролар иштирок этди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ушбу ҳужжат том маънода халқ фикри ва таклифлари асосида шаклланганини эътироф этди. Марказ эксперт ва мутахассислари томонидан фуқароларнинг билдирилган барча таклифлари, хусусан, бу йилги Давлат дастурига киритилмаганлари, келгусида, албатта, ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқишда фойдаланиш учун соҳалар кесимида тақсимланиб, тегишли вазирлик ва идораларга етказилаётганлиги маълум қилинди.

Тадбир якунида Тараққиёт стратегияси лойиҳасида фаол иштирок этган бир гуруҳ фуқароларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

З.ЖОНИБЕКОВ, ЎзА