English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тараққиёт стратегияси: инсон қадри учун 100 та мақсад
16:51 / 2022-02-01

Президентимиз томонидан мамлакатимизда инсон қадр қиммати, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, тадбиркорлик ва ишбилармонликни янада ривожлантириш, таълим ва тиббий хизмат сифатини ошириш, қисқача айтганда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини янги босқичга олиб чиқишни ўзида акс эттирган "2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида" ги фармон имзоланди.

Кейинги беш йилга мўлжалланган мазкур Тараққиёт стратегияси жами 7 та йўналиш, 100 та мақсаддан иборат.  Тараққиёт стратегияси лойиҳаси оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Ушбу жараёнда жами 17 мингдан ортиқ таклиф, 300 дан ортиқ янги ташаббус ва механизм келиб тушган. Вилоятимизнинг фаол ҳамда ташаббускор фуқаролари ҳам 2 мингга яқин таклиф ва тавсиялари билан иштирок этган. Бу мамлакатимизда фаол фуқаролик жамиятининг ривожланаётганлигидан далолатдир. 

«Инсон қадри учун» тамойили асосида халқ билан очиқ мулоқот натижалари асосида тайёрланган ушбу стратегиянинг пировард мақсади барча соҳаларни ривожлантириш орқали халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Биргина инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш йўналишини оладиган бўлсак, маҳалла институти фаолиятининг самарадорлиги оширилиб, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, молиявий мустақиллигини кучайтириш, янги институт сифатида жорий қилинган маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчиларининг самарали фаолияти  йўлга қўйилмоқда. 

Давлат бошқаруви органлари фаолиятини «фуқарога хизмат қилишга йўналтириш» тамойили асосида трансформация қилиш орқали, давлат идоралари фаолиятининг барча йўналишларини «Давлат – халқ хизматчиси» тамойили асосида фуқарога тўғридан-тўғри хизмат кўрсатишга йўналтирилаётганлиги ҳам аҳоли манфаатларини ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол намунасидир. Албатта, стратегияни ишлаб чиқиб тасдиқлаш бир томон бўлса, унинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш иккинчи муҳим масала ҳисобланади. 
Фармоннинг 25-бандида Адлия вазирлиги, Ҳисоб палатаси, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатига Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурлари амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриб бориш бўйича муҳим вазифалар юклатилди. 

Шунингдек, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштирган ҳолда, айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиёти жорий этилмоқда. Фаол жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда эса фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистларнинг меҳнатидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Бундан ташқари, Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнларига миллий ва халқаро ҳамжамиятни кенг жалб қилиш ва уларни ислоҳотлардан хабардор қилиб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат йиллик муқобил ҳисоботлар тайёрлаб борувчи Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи ташкил этилаётганлиги, шу билан бирга ҳудудларда нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экспертлар ва маҳалла фаолларидан иборат Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйган ҳолда тизимли равишда жамоатчилик эшитувларини ўтказиб бориш амалиёти жорий этилганлиги ҳам мамлакат тараққиётининг янгича механизмлари яратилаётганлигининг ифодасидир.  

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси нафақат мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини, шу билан бирга, унинг узоқ йиллик ривожланиш стратегиясини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади. Унда назарда тутилган мақсадларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши, Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бугунги турмушидан мамнун бўлиб, юрт тараққиёти ва ривожидан ўзида дахлдорлик ҳиссини туйиб яшашига хизмат қилади. 

Даврон Шодмонов  
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати  
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари