Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимизни ривожлантиришнинг келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлари белгилаб берилди. Мазкур нутқда белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқадиган вазифалар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг йиғилишида кенг муҳокама этилди.
Йиғилишда фракция аъзоси Улуғбек Вафоев Ўзбекистон Президентининг тантанали маросимдаги нутқидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар хусусида маъруза қилди. Давлат раҳбари “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишларни белгилаб берганига алоҳида урғу берди.
– Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистонни ривожлантиришнинг еттита устувор йўналиши белгилаб берилиб, уларнинг ҳар бирида мамлакатда янги босқичдаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва самарадорлигини таъминлашга оид аниқ чора-тадбирлар, таклифлар ўз аксини топгани эътиборга молик, – деди ЎзХДП фракцияси аъзоси Мавжуда Ҳасанова. — Хусусан, Тараққиёт стратегиясида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш каби устувор мақсад-вазифалар илгари сурилди. Ўзбекистон ХДП стратегиянинг учинчи йўналишидаги уй-жой масаласини ҳал этиш, аҳолига қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадларини қўллаб-қувватлайди. Зеро, сўнгги беш йилда 140 мингдан зиёд янги квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар барпо этилди. Бу – олдинги беш йилга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди, деганидир. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро мунтазам автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатновини яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар ҳам электоратимиз манфаатларига хизмат қилади.
Шунингдек, Тараққиёт стратегиясининг тўртинчи йўналишидан ўрин олган ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ногиронлиги бўлган фуқароларни кафолатли иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш учун уларга аниқ квоталар белгилаш бўйича амалдаги қонунчилигимизга тегишли ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда. Бу ногиронлиги бор инсонларнинг ўзини жамиятнинг бир бўлаги сифатида ҳис қилишига имкон беради.
Йиғилишда мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган Тараққиёт стратегиясини амалга оширишдаги муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинди ва фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА