Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарағайликлар ҳаётидан бир лавҳа
16:47 / 2022-08-28

Тарағай қишлоғи Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг тоғли қисмида жойлашган. Тарихий манбаларда ушбу қишлоқнинг келиб чиқиши соҳибқирон Амир Темурнинг отаси Баҳодир Тарағай номи билан боғлиқлиги ёзилади.

Масалан, қишлоқнинг юқори қисмидаги сой бўйида улкан харсанг тош бор. Уни маҳаллий аҳоли фармон тош деб атайди. Айтишларича, соҳибқирон йигитлик чоғларидаги ҳарбий машқларда шу тош устида туриб фармон ва топшириқлар берган экан. Мазкур тош бугун дунё олимларини ҳам қизиқишини оширган бўлиб, сайёҳлар уни кўриш ва ўрганиш учун тез-тез Тарағайга келиб туришади. Тарағай маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритаётган Маҳмадиёр Нурматовнинг таъкидлашича, бу харсанг тошнинг фармон тош эканлигини франциялик тарихчи олимлар манбалар асосида қидириб келиб топишган. Шундан сўнггина бу тошнинг қимматли тарихий ёдгорлик эканлиги аниқланган.

Хуллас, Тарағайда соҳибқирон билан боғлиқ ёдгорликларни кўплаб учратиш мумкин. Уларнинг кўпчилиги ҳақида илгари ҳам кўп ва хўп ёзилган. Аммо бу гал ушбу қишлоқнинг меҳнаткаш ва омилкор деҳқонлари ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Қишлоқ виқорли тоғ этагида жойлашган бўлишига қарамай деҳқончилик учун сув доимий муаммо бўлиб келган. Лекин қаловини топсанг чангалда шўрва деганидек тарағайлик деҳқонлар булоқ сувларини тежаб ишлатиш орқали деҳқончиликда яхшигина натижага эришмоқда. 

Масалан, шу қишлоқлик Аҳмад Ражабов кредит маблағи эвазига 4 сотих ерда мўъжаз иссиқхона ташкил қилиб, оила аъзоларини иш билан таъминлаган. Тўғри, бугун иссиқхона бизнеси янгилик эмас. Аммо тошлоқ тоғ шароитида ерларни ўпириб, тошдан тозалаб, янги ер очиб, иссиқхона қуриш анчайин машаққатли иш. Тоғда бир қарич ер ҳам олтинга тенг, билсангиз.

– Очиғини айтиш керак бошида иссиқхона қуриб, ундан фойда олишимизга кўзимиз етмади, – дейди Аҳмад Ражабов. – Лекин нимадир қилмасак ҳам бўлмайди. 4 ўғил, икки келиним, набиралар бор. Хуллас таваккал қилиб ўтган йил 60 миллион сўм банкдан кредит олиб ишни бошладик. Бошланишига ҳар хил кўкатлар экдик. Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб кўчатчилик билан шуғулландик. 10 минг донадан зиёд бодринг, помидор, булғор қалампири кўчатларини етиштирдик. Иссиқхонага экканимиздан ортиқчасини маҳалладошларга сотдик. Биринчи ҳосилдан 5 тоннадан зиёд бодринг олдик. Еганимиздан ташқари, қолгани рўзғорга даромад. Мана ҳозир ҳам бодринг экиб қўйибмиз. Ёнидан икки қатор лимон ва апельсин кўчатларини ҳам экканмиз. Насиб этса октябрь ойидан бошлаб сотамиз. Анча ўрганиб қолдик. Ҳозирда яна 4 сотих иссиқхонани қуриб тайёрлаб қўйдик. Бундан ташқари, 40 сотих майдонда лалми узумзоримиз ҳам бор. Узумларни ярмини майиз қиламиз, қолгани янги узиб сотилади.

[gallery-8547]

Оила бошлиғи сифатида Аҳмад ака барча фарзандларини қўл остида бирлаштириб, халқ тили билан айтганда муштни бир ерга уриб деҳқончилик қилиб, мўмайгина даромад топиб фаровон турмуш кечирмоқда. Шу қишлоқдаги Умрзоқ Бозоров ҳам қишлоқнинг энг тажрибали деҳқонларидан. Юқорида айтганимиз каби тоғ шароитида иссиқхона ташкил этиш ва ундан даромад манбаи яратиш учун сабр ва машаққатли меҳнат керак бўлади. Қолаверса сув чиқмайдиган адирда олиб борилган ҳар бир томчи сувнинг қадри ниҳоятда баланд. Бунинг ҳам имконини топаётган тоғлик боғбонлар ва деҳқонлар томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйгани эътиборимизни тортди.

Баланд тепалик, қуруқшаб ётган ерда узунлиги чамаси 100 метр, чуқурлиги 2,5 метрлик траншея (ерни қазиб иссиқхона қуриш) қазилган. Уларнинг ҳар бирига 40 тубдан 120 туп лимон ва апельсин дарахтлари экилган. Рости, тоғда бу каби цитрус меваларни етиштирилганига ишониш қийин. Бироқ Умрзоқ ака траншея усулида цитрус мевалари етиштиришни уддасидан чиқди.

– Илгари бу ерда лалми токзоримиз бор эди, – дейди Умрзоқ Бозоров. – Кейинги йилларда сувсизлик оқибатида самарадорлиги анча пасайиб қолди. Кўп ўйлаб лимонария қилишга қарор қилдим. Насос ёрдамида салкам 300 метр масофадан сув келтирдик. Боиси лимончилик бўйича анчагина тажрибамиз бор. Бундан 5 йил илгари ҳовлимизда 2 сотих майдонда траншея усулида лимонария ташкил қилганмиз ва бугунги кунда лимонларимиз баравж ҳосилга кирган. Шунинг учун ҳеч иккиланмай бу ишга қўл урдик. Энди қиш-қировли кунларгача иссиқхонани устини ёпиб олсак бўлгани.

Боғбоннинг ҳовлисини айланиб, ҳайратда қолдик. Томорқада лимондан ташқари 30 йиллик 200 туп анор, 10 тубдан зиёд ёнғоқ, 50 тупдан зиёд ҳар турдаги ток кўчатларини кўриш мумкин. Энг муҳими уларнинг ҳаммаси шиғил-шиғил ҳосил солган. Бундан ташқари она совлиқлар далада бўлса керак 20 бошдан зиёд қўзи. 5-6 бош бурдоқига боқилаётган йирик шохли чорва моллари бор.

– Сир бўлмаса, боғдорчиликдан қанча даромад оласиз, сўраймиз ундан.

– Энди меҳнатимизга ярашада, шукр даромад ёмон эмас, – дейди ийманибгина У.Бозоров. – Анорни ўзидан 30-35 миллион даромад қиламиз, мижозларни ўзи уйимиздан олиб кетишади. Бирор жойда ишламаймиз. Деҳқончилик ортидан тўй-ҳашам қилдик, фарзандларни ўқитяпмиз, машина оляпмиз.

– Қарасам ҳовлида ўзингиз ва холадан бошқа ҳеч ким кўринмайди, бунча ишга қандай қилиб улгурасиз?

– Роботмиз, ука, – дейди кулиб боғбон. – Суягимиз меҳнатда қотган. Кун ёришмасдан туриб, кетмонни елкага ташлаб, боққа шўнғиймиз. Таътил пайтлари болалар ёрдам қилишади. Анор кўмиш ишларини ҳашарчига қилдирамиз. Қолганини холангиз билан иккаламиз эплаймизда.

Ҳа, тоғ одамлари мавсумда эрта тонгдан меҳнатга киришади. Қуёшни ҳам биринчи қарши олишади. Тоғларда баҳор ва ёз фасли қисқа бўлади. Фурсат кутиб турмайди. Совуқ кунлар тезда кириб келади. Шунинг учун барча ишларга улгуриб қолиш керак. Баҳор ва ёз ойларида қилинган машаққатли меҳнат роҳатини 5-6 ой давом этадиган қиш фаслида кўришади. Мазза қилиб умргузаронлик қилишади. Ҳатто иш қолиб кетади, дея тўй ҳам қилишмайди мавсумда.

Мана шунақа гаплар, излаган имкон топади дейишади. Бугун тарағайликлар нафақат имкон топишяпти, балки меҳнати ортидан рўзғорини тўкин, ҳаётини мазмунга тўлдиряпти. Бу эса уларнинг бугунидан миннатдор бўлиб яшашларида, меҳнатлари мевасидан баҳраманд бўлишларига хизмат қилмоқда.

Ўлмас Баротов,  Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.