Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тараққиётимиз қўлланмаси
17:38 / 2020-02-13

Ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу рубоийси мазмун-моҳиятини шарҳламоқ учун бир неча қоғозни қораламоқ жоиз.


2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,

То зулму ситам жониға бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу рубоийси мазмун-моҳиятини шарҳламоқ учун бир неча қоғозни қораламоқ жоиз. Навоийшунос олимларимиз бу ҳақда кўп ёзишган. Навоийнинг буюклиги, ҳамма замон, барча тузум учун керакли эканлиги ҳам унинг асарлари ҳеч қачон аҳамиятини, долзарблигини йўқотмаслигидадир. Ҳазрат асарларини ихлос ва эътиқод билан мутолаа қилган киши бу фоний дунёнинг барча масала ва муаммоларига жавоб топа олади.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини телевидение орқали эшитиш, газетада қайта-қайта ўқиш жараёнида Алишер Навоийнинг мазкур рубоийси ва унда ифодаланган ғоят теран фикрлар ёдга келаверади. Зеро, давлатимиз раҳбари ушбу олий лавозимда иш бошлаган кунидан эътиборан жамият тараққиётининг энг катта, энг хавфли, жуда чуқур илдиз отган душмани – коррупцияга қарши кураш бошлади. Бинобарин, коррупциянинг тури ва шакли кўп, аммо катта-кичиги йўқ, чунки барча йирик муаммолар аслида дарҳол кўзга ташланмайдиган, одамлар унча назарга илмайдиган майда нарсалардан бошланади. Оқибатда чирмовуқдай ҳамма соҳа ва тармоқни қамраб олади. Шу боис жамиятдаги жамики иллатларнинг асоси ҳам, сабабчиси ҳам ана шу – коррупция. Шу маънода Шавкат Мирзиёев жамиятни тозалаш, тараққиёт йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш ишларини айнан коррупцияни бартараф этишдан бошлагани бежиз эмас. Буни халқимиз ҳам, халқаро экспертлар ҳам, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар мутахассисларидан тортиб раҳбарларигача эътироф этмоқда. Бунга биргина мисол: дунёдаги нуфузли нашрлардан бўлган “Экономист” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – “Йил мамлакати” сифатида эътироф этди.

Коррупциянинг энг оммалашган турларидан бири – порахўрлик, Навоий ибораси билан айтганда, “ҳирсу ҳавас”, “нафсу ҳаво”. Бу балога ружу қўйган одам халқ дардига қулоқ солиши, унинг мушкулини ечишга ҳаракат қилиши қийин. Бундайларнинг фикри-зикри фақат ўз манфаатини ўйлаш, кимларнидир зор қақшатиб бўлса-да, ўз чўнтагини қаппайтиришда бўлади. Одатда бундай одамлар каттами-кичикми лавозимда ўтиради, ҳар қандай мансаб имтиёз эмас, балки катта масъулият эканини улар гўё “унутиб қўяди”. Шунинг учун давлатимиз раҳбари “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилни ўртага ташлади ва уни амалда исботлаш, ҳаётга жорий этишнинг турли восита ва усулларини йўлга қўйди. Энг муҳими, бу талаб бир кун бўлса-да, сусайгани йўқ, аксинча, тобора кучайиб, талабчанлик ошиб бораётир. Натижада турли даражадаги раҳбарлар ўз фаолияти ҳақида халққа ҳисоб бериш тартиби йўлга қўйилди, мансабдорлар одамлар мурожаатини, дарди ва илтимосини эшитадиган бўлди. Бошқача айтганда, халқ билан раҳбарлар ўртасидаги кўзга кўринмас, аммо баланд ва мустаҳкам тўсиқ олиб ташланди. Тўғри, баъзи жойларда бу иллат ҳамон қайсидир даражада сақланиб қолган, лекин уларнинг умри узоқ эмас, улар ҳам албатта бартараф этилади. Чунки бу тўлқин ҳеч кимни – у ким, қайси лавозимда бўлмасин – аямайди ёхуд ҳеч ким ҳеч қандай имтиёзга эга эмас. Мана шу халқимизни хушнуд этмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза ёдга келади. Одамларнинг турли вазирлик ва идораларга, ҳокимликларга мурожаати, бу мурожаатларга эътибор, уларда кўтарилган муаммоларни ечиш масалалари доимий назоратда. Шу туфайли матбуотда, телевидениеда, турли сайтларда фалон жойда одамларнинг мурожаати ўрганилди, шундан кейин муаммо ҳал этилди, деб ёзилади, кўрсатув бўлади. Булар яхши, албатта. Аммо кишини бошқа нарса ўйлантиради. Масалан, муайян кўчанинг ўйдум-чуқурларини тузатиш, асфальт қилиш, бирон-бир ижтимоий объектни таъмирлаш ва шулар каби бошқа муаммоларни одамлар мурожаат (шикоят) қилмагунча ҳал қилиш мумкин эмасми? Унгача ўша жойдаги мутасаддилар шу камчилик ёки муаммоларни кўрмаганми, билмайдими? Айрим раҳбарлар, мутасаддилар қачонгача ўт ўчирувчи каби шикоят асосида ишлайди?! Мамлакатимизда янгича иш услуби, янги тизим бошланганига уч йилдан ошди-ку! Наҳотки улар ҳамон бу янги талабга, янги тартиб ва тизимга ўргана олмаётган, кўника олмаётган бўлса. Ҳамма биладики, бошланган ислоҳотлар, очиқлик тамойили ортга қайтмайди. Қараб турайлик, ҳаммаси ўтиб кетади, деб ўйлайдиганлар чучварани хом санабди. Буни Президентимиз кўп бор таъкидлади. Қолаверса, мурожаат (шикоят) асосида ишлаш қанча оворагарчилик, асаббузарлик келтириб чиқаради. Ҳар ким ўз мансаби, ваколати доирасида вазифасини вақтида бажариши лозим эмасми?!

Мурожаатномада “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак” дейилади. Дарҳақиқат, коррупция таг-томири билан йўқотилса, адолат барқарор бўлади ёки, аксинча, адолат тамойилларига қаттиқ амал қилинса, коррупциянинг илдизи қирқилади. Буюк Навоий асарларида инсофу адолатни куйлаган бўлса, ўзининг ижтимоий фаолиятида ана шу эзгу ишлар амалга ошиши учун тинимсиз курашган, унинг олий намунасини кўрсатган.

Президентимизнинг Мурожаатномаси гарчи Олий Мажлисга деб аталса-да, бутун халқимизга йўналтирилган даъват, мамлакатимиз тараққиётининг келажаги белгилаб берилган тарихий ҳужжатдир. Унда эришилган ютуқлар қайд этилиши билан бир қаторда камчиликлар, муаммолар очиқ-ойдин айтилди ва уларни бартараф этиш йўллари аниқ кўрсатилди. Шу боис ушбу Мурожаатномани ҳар бир раҳбар, ҳар қайси инсон ўзи учун дастуруламал сифатида қабул қилиб, унда қайд этилган улуғвор вазифаларни бажаришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Жумладан, маданият, санъат, адабиёт вакиллари ҳам бу эзгу ишларнинг фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда. “Маданият ва санъат муассасаларига алоҳида эътибор қаратиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўриш зарур”, дейилади Мурожаатномада. Бу эътибор, бу ғамхўрлик ижтимоий соҳанинг барча тармоқларига тегишлидир. Зеро, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари, деган эзгу ғояни амалга оширишда ижод аҳли энг фаол бўлмоғини давр тақозо этмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2020 йилни мамлакатимизда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилди. Бу юртимизда илм-фанга, маънавият ва маърифатга юксак этиборнинг яна бир намунасидир. Чунки илм, маърифатни такомиллаштирмай туриб, иқтисодиётни, хусусан, замонавий рақамли иқтисодиётни ривожлантириш қийин. Президентимиз буларни ёнма-ён қўйишида теран маъно мужассам. Зотан, илмсиз иқтисодни кўтариш қийин, иқтисод бақувват бўлса-ю маърифат бўлмаса, у ҳам мукаммаллик касб этмайди. Айрим кимсаларга нисбатан пул топиб, ақл топмаган, деган иборани бекорга ишлатмайди халқимиз.

Ушбу Мурожаатнома мамлакатимиз тараққиётининг, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишнинг кейинги йилларга мўлжалланган қўлланмасидир. Бу қўлланмадан унумли ва самарали фойдаланиш, яъни, эзгу мақсадларга хизмат қиладиган улуғвор вазифаларни бажаришга, мавжуд муаммоларни, илдиз отиб кетган иллатларни бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшиш ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик бурчидир. Шунда Навоий бобомиз айтганидай, эл шод, мамлакат обод бўлади.

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист.