Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тараққиёт” танлови ғолиблари: раҳбар кадрлар масъулияти, таълим тизимига янгича ёндашувлар, муаммолар ечими ҳақида
17:15 / 2019-08-27

Бугун юртимизда ёш раҳбар кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори.


Бугун юртимизда ёш раҳбар кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори. Уларга қўйиладиган талаблар ҳам шунга яраша. Янгича фикрлаш, илғор ғояларнинг ташаббускори бўлиш, ўз вақтида ва тўғри қарор қабул қила олиш энг муҳим талаблардан бўлиб қолмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори асосида ўтказилган “Тараққиёт” республика танлови ана шундай сифатга эга кадрларни кашф этишга хизмат қилади.

Биринчи танлов давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ, молия, саноат, иқтисодиёт, АКТ, қишлоқ хўжалиги, архитектура ва қурилиш, солиқ, божхона, фан-таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, ташқи сиёсат, транспорт-логистика соҳасидаги энг яхши бошқарувчи каби 16 номинация бўйича ўтказилди.

Танлов якуний босқичида 50 ғолиб аниқланди. 100 талабгор финал босқичи иштирокчиси сифатида эълон қилинди.

ЎзА мухбири Мустақиллик байрами арафасида танлов ғолиблари таассуротлари билан қизиқди.

Дилором ШАМСИЕВА,
“Тараққиёт” танловининг “Таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги энг яхши бошқарувчи” номинацияси ғолиби:

– Навоий давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти таълим йўналишини тугатганман. Иш фаолиятимни узлуксиз таълимнинг мактабгача таълим босқичидан бошлаганман. Мактаб, лицей ва институтда рус тилидан сабоқ берганман. 2015 йилнинг апрель ойидан буён ўзим таҳсил олган институтнинг чет тиллар факультетида ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари лавозимида ишлаяпман.

Раҳбарлик фаолиятим давомида ходимлар билан ишлашда, авваламбор меҳнат интизомига риоя қилинишига эътибор қаратаман. Чунки қатъий интизом бор жойда иш сифати юқори бўлади. Албатта, жуда ҳам қаттиққўл, яъни авторитар ёндашувдаги раҳбар бўлиш ҳам бошқарув мақсадининг бузилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун раҳбар ўзи ишлаётган ташкилотининг имконияти ва шароитидан келиб чиқиб, бошқарувнинг энг мақбул йўлини танлаши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Ташкилот учун энг катта муаммо – бу ўз ишига масъулият билан қарамайдиган ходим. Раҳбар ходимнинг ишга нега бундай ёндашаётгани сабабларини аниқлаш керак. Агар сабаблар иш шароитидан келиб чиқаётган бўлса, бунда албатта унга ёрдам бериш ва муаммони биргаликда ечишга киришиш зарур. Ходим шундан кейин ҳам ўз ишига масъулият билан қарамаса, унда белгиланган тартибларда интизомий чора кўрилиши шарт. Чунки меҳнат интизоми бузилган жойда ишнинг натижаси яхши самара бермайди.

Танлов ғолиби сифатида ўз йўналишимда ҳали раҳбарлик лавозимига тайинланмадим. Шу кунларда педагогика соҳаси бўйича докторлик диссертацияси ҳимоясига тайёргарлик кўраётганлигим сабабли янги лавозимга тайинлаш жараёни сал кейинроқ амалга оширилиши режалаштирилган.

Президентимиз охирги вақтларда ўз чиқишларида раҳбар кадрлар муаммосига тез-тез тўхталиб ўтмоқда. Тез ривожланиб бораётган жамиятимиз ва давлатимизга айни дамда ғайрат-шижоатга бой, янгича ва замонавий фикрлайдиган, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлган раҳбар кадрлар жуда ҳам керак. Энг аввало, раҳбарда ватанпарварлик туйғуси жўш уриб туриши керак. Шундагина у Ватани, халқи ва жамоаси учун хизмат қила олади.

Дилшод БАДИРОВ,
“Тараққиёт” танловининг “Архитектура ва қурилиш соҳасидаги энг яхши бошқарувчи” номинацияси ғолиби:

– 2004 йилда Термиз давлат университети психология йўналишини, 2014 йилда иккинчи мутахассислик бўйича Тошкент архитектура ва қурилиш институти бино ва иншоотлар қурилиши факультетини тамомлаганман. Айни пайтда “Ўзтрансгаз” АЖ Капитал қурилиш ва кадастр бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб бораяпман.

Бошқарувда кўпроқ демократман. Ходимлар фикрини эшитиш, улардаги ички имкониятларини юзага чиқаришга ёрдамлашишга ҳаракат қиламан. Лекин асосий хулосани барибир раҳбар сифатида ўзим айтаман. Раҳбар ходимнинг руҳияти, қайси пайтда нимани айтиш ва нимани талаб қилиш кераклигини билиши лозим. Ходимга унинг имконият ва билим даражасида топшириқлар бериш, ўз устида кўпроқ ишлашга йўналтира олиш керак. Шунингдек, тайм-менежмент, яъни вақтни бошқаришга кўпроқ эътибор қаратиш ҳам муҳим.

Фикримча, масъулиятсиз ходимларга нисбатан қўлланиладиган анъанавий чора-тадбирлар етарли эмас. Бизда ҳам худди чет элдагидек “HR human resourse”, яъни инсон ресурслари билан ишловчи мутахассислар масъулиятини ошириш зарур. Улар инсон капиталини бошқаришда энг муҳим бўғин ҳисобланади. Ходимлардаги сусткашлик ёки масъулиятсизликни ҳар томонлама ўрганиб сабаб ва оқибатларга баҳо беришимиз лозим.

Ёш раҳбар кадрлар камлиги бизда катта муаммо. Менимча, устоз-шогирдлик анъанасини янада кучайтириш керак. Ёшларда жавобгарлик ҳисси камайиб кетган. Ўзига нисбатан ишонч даражаси эса паст. Ёш кадрларга масъулиятли вазифаларни бериш ва уларга тиргак бўлиш, уларнинг ўз куч ва имкониятларига ишонч уйғотади.

Наргизахон ОТАХОНОВА,
“Тараққиёт” танловининг “Макроиқтисодиёт ва ҳудудий ривожланиш соҳасидаги энг яхши бошқарувчи” номинацияси ғолиби:

– Андижон муҳандислик иқтисодиёт институтини тамомлаган. Япония халқаро университетининг бизнес бошқарув йўналишида магистратурада таҳсил олдим. Шу йилнинг февраль ойидан буён “UzAuto Motors” АЖда корпоратив менежмент бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаяпман.

Фаолиятимда ҳар бир ходимнинг ўзини тутиш одобига алоҳида эътибор қаратаман. Чунки тартиб бор жойда интизом бўлади, шунда ҳамма ўз вазифасини тўлиқ бажаради.

Менимча, юртимизда кадрлар фаолияти самарадорлигини, уларнинг юртимиз иқтисодиётига таъсирини баҳолайдиган мезонларни яратиши зарур. Ана шунда масъулиятсиз кадрларни аниқлаб, уларга нисбатан таъсир чораларини кўриш мумкин. Масалан, яқинда Президентимиз Фарғона, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларига берган яна бир имконияти ҳам ўзига хос таъсир чораси саналади. Агарда улар ишдан бўшатилиб, ўрнига бошқа раҳбар тайинланганида янги ҳоким бировнинг хатосини тузатишга шошилмасди. Натижада яна фуқароларга жабр бўларди. Демоқчиманки, таъсир чоралари бир томонлама эмас, балки иккала томонга ҳам ижобий таъсир қилиши керак.

Биз ҳозир малакали кадрлар асосий актив ҳисобланган даврда яшаяпмиз. Лекин уларни тайёрлашда ортда қолиб кетаяпмиз, деб ўйлайман. Мисол учун, таълим тизимида кўплаб ислоҳотлар олиб борилмоқда, аммо барибир муаммони асл томиригача етиб бора олмаётгандекмиз. Қолаверса, яхши кадр шаклланиши учун кўп вақт, куч, маблағ ва ҳоказолар керак. Кадрларнинг билим ва салоҳиятини баҳолайдиган танловларни кўпайтириш зарур. Энг фаолларга уларнинг билим савияси ва тажрибасини янада орттирадиган чора-тадбирларни татбиқ этиш лозим.

Мен бу борада қуйидаги таклифларни илгари сураман:

Биринчи – мактабларда 6-синфга қадар ўқувчиларни баҳолаш тизимини бекор қилиш керак. Шундагина бола эмин-эркин атрофидагилардан уялмасдан савол беришга ўрганади. Билимнинг асосий душмани бу андиша, уялиш ва тортинчоқлик хислатидир. Бежиз ҳазрати Алишер Навоий ҳам “Билмаганин сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим” демаган.

Иккинчи – баҳони ўқувчиларга эмас, ўқитувчиларга қўйиш керак. Ҳар ойнинг якунида ўтилган мавзулар бўйича тест ўтказиб, унинг натижасига кўра бир синфдаги ўқувчиларнинг ўртача бали тест ўтказилган фан бўйича 60 фоиздан ошмаса, ўқитувчини ротация қилиш керак. Бу тажриба Японияда қўлланилади, яъни ўқитувчи ўз ишига масъулият билан ёндашиб, ҳар бир боланинг мавзуни тушунишида унинг роли катта эканига аҳамият бериши талаб қилинади.

Учинчи – ташкилотларда раҳбарлик лавозимига тайинланганлар ўз қўл остидагилар билан “устоз – шогирд“ муносабатида бўлишни йўлга қўйиш керак. Қанча кўп устоз кўрса, шогирд шунча кўп сайқалланади. Яна ҳар бир раҳбарнинг олдига бевосита захирадаги кадрларнинг бирини бир ёки икки ойлик муддатга асосий иш жойидан ажрамаган тарзда кузатувчи сифатида бириктириш керак. Шунда иккиси учун ҳам бу фойдали бўлади, яъни анчадан буён ишлаб келаётган раҳбар четдан келган бошқа бир кадрнинг назари билан ўз ишига назар солади, четдан келган кадр эса борган ташкилотдаги раҳбарнинг иш услубидан ўзига керакли тажрибани олади.

Раҳбарларни, асосан давлат бошқаруви органлари раҳбарларини ўриндошлик асосида бир вақтнинг ўзида бошқа лавозимларга тайинлаш амалиётидан воз кечиш мақсадга мувофиқ. Бунда раҳбарни зиммасига ортиқча юкламаларни камайтириш натижасида ўзи масъул бўлган соҳани янада ривожлантиришига ҳамда бошқа бир салоҳиятли кадрларни бўш иш ўрнига тайинлашга имкон яратилади, деб ўйлайман.

Хуршид ҚОДИРОВ
тайёрлади.