Тарғибот тадбирлари ёрқин таассуротлар остида ўтмоқда
Бугунги кунда Фарғона вилоятида жорий йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида жорий йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Бунда айниқса, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ташкил этилаётган тарғибот тадбирлари муҳим ўрин тутмоқда. Тарғибот тадбирларининг таниқли хонандалар иштирокида, шоу тадбирлари, викторина савол-жавоблари орқали ташкилланаётгани партиянинг аҳоли ичига янада яқинроқ кириб боришида, халқ билан ҳамнафас бўлиб иш юритишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бунёдкорликка юз тутган сўлим вилоятнинг суяги меҳнатда қотган, тошдан гул ундирувчи, ўзининг тадбиркорлари, уста деҳқонлари билан дунёга машҳур бўлган Олтиариқ туманида ўтказилган тарғибот тадбирида кўтаринки кайфият ҳукмронлик қилди.
Карнай-сурнай садолари остида тумандаги маслакдошларимизни чақириққа ундаш билан бошланган дастур тадбиркору спортчиларнинг партия ҳақидаги илиқ фикрларини билдириш ва фуқароларни ҳам партиянинг мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватлашга даъват этиш билан бошланди.
Мана, яқинда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён, яъни, парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар ўтказилади. Сайлов арафасида сиёсий партиялар ўз сайловолди дастурини ишлаб чиқади. Шу жумладан, OʻzLiDeP ҳам ўз сайловолди дастурини лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Яқиндагина лойиҳалар муҳокамаси туманимизда ҳам ўтказилди. Унда бир қатор таклифлар илгари сурилди. Айниқса, партия томонидан хусусий тиббиётни янада ривожлантириш борасида аниқ таклифлар ва манзилли дастурлар илгари сурилаётгани айни муддао бўлди. Боиси бу фуқароларимизни янада узоқ умр кўриши ҳамда саломатликларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди биз билан суҳбатда Олтиариқ туман Кенгаши депутати Расулжон Деҳқонов.
Бағдод туманида ўтказилган “Ҳар бир инсон, оила фаровонлиги – фаолиятимиз мезони!” шиори остидаги тарғибот тадбири ҳам таассуротларга бой бўлди.
Тадбирда сўз олган OʻzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Нафисахон Элчиева ҳамда OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши масъул ходими Барнохон Абдуллаевалар партия бугунги кунда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида иш олиб бораётганини ҳамда сайловолди дастури ҳам шу асосда ишлаб чиқилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Қиличбек Тожиев,Тўлқинжон Ҳайдаров, Дилфуза Исмоилова ҳамда эстрада хонандалари томонидан куйланган дилтортар қўшиқлар юртдошларимизга манзур бўлди.
Тадбирлар доирасида партиянинг амалга ошираётган ишлари ҳам фуқароларга етказилмоқда.
Шоҳсултон Тўхтаматов,
OʻzLiDeP Фарғона вилояти
Кенгаши матбуот котиби