Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тақиқлар ортидаги манфаатдорлик: иссиқдан ҳимояланиш учун ҳам миллионлаб маблағ керакми?
09:53 / 2022-02-23

Сўнги йилларда юртимизда ёз фасли ўта иссиқ ва қуруқ келмоқда. Шундай жазирама кунларда кўчаларда ҳаракатланаётган автомашиналарда қуёшнинг иссиқ тафтидан ҳимояланиш учун ҳам инсонлар ўз автомобилларини "тонировка" (қорайтириш) қилишга эҳтиёж сезади.

Ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш)га рухсат олиш учун ҳамманинг ҳам қурби етавермайди. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги қарори билан тасдиқланган "Йўл ҳаракати қоидалари"да транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлардан бири сифатида барча транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлиши белгиланган. 

Енгил автомобилларнинг ойналарини пуллик қорайтиришга 2018 йил 1 августдан рухсат берилган. Қорайтиришга рухсатнома олиш учун тўлов – жисмоний шахсларга 16,5 миллион сўм, юридик шахсларга эса 22,1 миллион сўм этиб белгиланган. Нархга кескин норозиликлар бўлгач, анча пасайтирилди. Арзонлаштирилган нарх ҳам аҳолининг ойлик маошларига нисбатан олиб қарасак, ҳар кимга тўғри келавермайди. 

Бугунги кунда "тонировка" учун жисмоний ва юридик шахслар ЯИДХП орқали рухсат олиш учун мурожаат қилганда, тўловларнинг қуйидаги ставкалари белгиланган (илгари белгиланган миқдорнинг 90 фоиз). 

Орқа ён ойналар – жисмоний шахслар учун йилига 4,5 БМҲ (1 миллион 215 минг сўм); юридик шахсларга йилига 9 БМҲ (2 миллион 430 минг сўм); барча ён ойналар – жисмоний ва юридик шахслар учун йилига 45 БМҲ (12 миллион 150 минг сўм); олд эшикларнинг ён ойналарини 50 фоизгача, орқа ойналари эса 100 фоизгача қорайтириш мумкин. 

Ижтимоий тармоқларда ҳам айнан мана шу "тонировка" масаласи доимий баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Айниқса, рухсатсиз "тонировка" учун жарима миқдори юқори. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига киритилган ўзгаришга асосан тегишли рухсатномасиз автомобиль ойналарини қорайтириш учун жарима БМҲнинг 25 баравари миқдорида (6 миллион 750 минг) этиб белгиланган. Ушбу қоидабузарлик яна такрорланса, энг кам иш ҳақининг 40 бараварида (10 миллион 800 минг сўм) жаримага тортилади. Ваҳоланки йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўладиган ҳолатлар жуда кўп. "Тонировка" сабаб содир этилган жиноят ва бошқаларга хавф туғдирадиган ҳолатларга дуч келмаганмиз.

Жамият равнақи учун қилинаётган барча саъй-ҳаракатлар инсон манфаатлари учун. Аммо ўз автоуловида иссиқдан ҳимояланиш учун инсонларга миллионлаб маблағ керак бўлаётгани ачинарли. 

Мурожаатчиларимиздан бирининг айтишича, Россияда автомашиналарнинг орқа ойналарини ўзгартириш мутлақо текин, олд ойналарга эса 1150 рубль, сўмга ҳисоблаганда 166 000 сўмга айланар экан. Биздаги нархларга солиштирганда, осмон билан ерча фарқи бор. Ҳар қандай тақиқлар, жарималар ортида манфаатдорлик бўлиши оғриқлидир. Ўзбекистонда биргина 2019 йилнинг 5 августидан 2020 йилнинг 31 декабрига қадар 82125 та "тонировка" рухсатномаси берилиб, жами 302 миллиард 635 миллион сўм ундирилгани хабар қилинган эди. 

"Тонировка"га рухсатнома бериш ва ноқонуний ойналарни қорайтирган фуқаролардан ундириладиган жарималардан анча-мунча фойда кўраётганлар ҳам бор.

Асосий масала шундаки, юридик ва жисмоний шахсларга "тонировка" учун нархни тенглаштириш лозим. Шу ўринда истеъмолчи сифатида юртдошларимиз томонидан келиб тушаётган яна бир таклиф: "тонировка"га эҳтиёж пайтида "мавсумий ойналар тусини ўзгартириш" лойиҳасида "тонировка" аҳолига текин ёки фуқароларнинг оладиган ойлик маошларидан келиб чиқса, ҳамманинг имкони етади.

Шунда "тонировка" сабаб содир бўладиган ҳуқуқбузарликларга ҳам асос қолмайди. "Арзон бўлса, олувчидан инсоф кетар, қиммат бўлса, сотувчидан" дейишганидек ҳар ненинг баҳосида "олтин ўрталик" бўлиши лозим.



Гулноза ШАРАФОВА,

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

жамиятлари федерацияси матбуот хизмати ходими