Бош прокуратурада террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошқарган мажлисда комиссия ва ишчи гуруҳ аъзолари, яъни Олий суд, Ички ишлар, Ташқи ишлар вазирликлари, Ёшлар ишлар агентлиги, Маҳаллалар уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси, ДХХ ва Бош прокуратуранинг тегишли бошқарма бошлиқлари ҳамда масъул ходимлари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларни жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида тақдим этилган мурожаатлар кўриб чиқилди.
Хусусан, ўнта мурожаат ўрганиб чиқилиб, комиссиянинг муҳокамасига тақдим этилгани қайд этилди. Комиссия томонидан ҳар бир мурожаат батафсил кўриб чиқилиб, натижаси бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниши таъминланди.

Н.Абдураимова, ЎзА