Ёз фаслининг кириши билан Сирдарё вилоятидаги дарё, канал ва бошқа сув иншоотларида чўмилиш билан боғлиқ фаолият фаоллашади. Аммо ҳар йили сувда чўкиш билан боғлиқ нохуш ҳолатлар кузатилиши мазкур масалага жиддий ёндашувни талаб этмоқда. Хусусан, белгиланмаган, техник ва санитар талабларга жавоб бермайдиган ҳудудларда чўмилиш кўпинча оғир оқибатларга олиб келмоқда.
Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли ва ёшларнинг ҳаёти ҳамда хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Асрор Ғозихўжаев раҳбарлигида Гулистон шаҳридаги чўмилиш тақиқланган ҳудудларда навбатдаги профилактик назорат-рейд тадбирлари ташкил этилди.

Рейдлар давомида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Миллий гвардия вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида “Дўстлик” канали бўйларида дам олаётган фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга чўмилиш мумкин бўлмаган ҳудудлардаги хавфлар, хусусан, сув тубининг нотекислиги, қуйи оқимлар ва юқумли касалликлар хавфи ҳақида кенг тушунтиришлар берилди. Шунингдек, улар белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиш юзасидан қатъий огоҳлантирилди.

Тадбир доирасида байдарка ва каноэда эшкак эшиш билан шуғулланаётган спортчилар, уларнинг мураббийлари ҳамда кичик ҳажмли сув транспорти (моторли қайиқ, катер ва бошқалар) эгаларига хавфсизликни таъминлашга оид амалий тавсиялар берилди. Уларга ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, техник кўрикдан ўтказиш ва фақат рухсат этилган ҳудудларда фаолият юритиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Гулистон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёси бўйларида ҳам профилактик фаолият олиб борилиб, аввал ўрнатилган “Чўмилиш тақиқланади” белгиларининг ҳолати кўриб чиқилди. Яроқсиз бўлганлари янгиланиб, зарур ҳудудларга қўшимча белгилар ўрнатилди.
Рейдлар жараёнида чўмилиш тақиқланган жойларда бўлган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Ота-оналарга фарзандларининг хавфсизлигини таъминлашдаги шахсий масъулиятлари эслатилди.

— Ҳар бир фуқаро, айниқса бола тарбияси билан шуғулланаётган ота-оналар, ўз фарзандларининг хавфсизлиги учун жавобгар эканини унутмасликлари керак. Вилоятимизда ҳар йили аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб айта оламизки, сувдаги ҳалокатларнинг катта қисми айнан белгиланмаган, техник жиҳатдан талабга жавоб бермайдиган ҳудудларда рўй бермоқда. Биз ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирларни мунтазам ва манзилли равишда амалга оширяпмиз. Бу нафақат жазо чораси, балки биринчи навбатда, инсон ҳаётини асрашга қаратилган кенг қамровли тарғиботдир, — дейди Сирдарё вилояти ФВБ бошлиғи ўринбосари Асрор Ғозихўжаев.
Тадбир якунида мутахассислар томонидан кичик ҳажмли сув транспорти воситаларининг техник ҳолати, махсус ҳимоя воситалари билан жиҳозланганлик даражаси ўрганилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли мутасаддиларга ёзма кўрсатмалар ва амалий тавсиялар берилди.
Бундай тадбирлар ёз мавсуми давомида барча туман ва шаҳарларда мунтазам давом эттирилади. Асосий мақсад, аҳолининг сувдаги хавфсизлигини таъминлаш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири