Миллат генофондига салбий таъсир кўрсатаётган гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш янада кучайтирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши кескин курашиш фаолиятини амалга оширишга масъул давлат органлари ва ташкилотларининг устувор вазифалари белгиланди.
Шу асосда наркожиноят содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилмаслик ёки жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик тартиби жорий этилади.
Судлар томонидан гиёҳвандлик воситаларини етиштириш билан шуғулланган шахсларга жазо чоралари кўрилмоқда.
Олий суд ахборот хизмати хабарига кўра, 2024 йилда Жиноят кодексининг 270-моддаси (тақиқланган экинларни етиштириш) билан 1 минг 875 нафар шахс судланиб, уларнинг 258 нафари озодликдан маҳрум қилинган.
1 минг 617 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган (жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва шартли ҳукм) жазолар тайинланган. 8 нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган.
Жорий йилнинг 11 ойи мобайнида мазкур моддада назарда тутилган жиноятни содир этган 1 минг 748 нафар шахс судланиб, уларнинг 191 нафари озодликдан маҳрум қилинди.
1 минг 557 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган (жарима, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва шартли ҳукм) жазолар тайинланди. 4 нафар шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилди.
Н.Абдураимова, ЎзА