Тақиқланган дори воситаси тўхтатиб қолинди
Божхона ходимлари томонидан таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган дори воситасини божхона чегарасидан олиб ўтишга уринган шахс тўхтатиб қолинди.
Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” чегара божхона пости орқали хорижий йўналишда ҳаракатланиб келган транспорт воситаси тегишли божхона назоратидан ўтказилган. Натижада мазкур автомашинанинг салон қисмида 11 дона капсулада “А-Ферин” номли таркибида Кодеина фосфат моддаси мавжуд бўлган дори воситаси борлиги маълум бўлган. Айни дамда божхона органлари томонидан аниқланган мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, ушбу дори воситаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи чекланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган.
Зариф Комилов, ЎзА