Таълим ва халқ хўжалигининг турли соҳаларига юқори салоҳиятли малакали мутахассисларни тарбиялаб чиқараётган Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоаси учун якунланаётган 2025 йил улкан муваффақиятларга тўла йил бўлди.
Институтда йил давомида алоҳида фаоллик кўрсатиб, юқори натижаларга эришган профессор-ўқитувчилар, мутахассис ходимлар ва талаба-ёшларни рағбатлантириш, уларнинг меҳнатларини муносиб баҳолаш мақсадида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда институт ректори Алишер Уббиев сўзга чиқиб, эшик қоқиб турган янги 2026 йил билан йиғилганларни табриклади. Якунланаётган 2025 йилда институтда ўқув жараёнини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижаларга тўхталди.

Албатта, бундай натижаларга эришишда мамлакатимизда олий таълимга қаратилаётган эътибор, яратилган шароитлар ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти катта экани таъкидланди.

Тадбирда йил давомида илмий-педагогик соҳада юқори натижаларга эришган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар, ходимлар ҳамда талаба-ёшлар турли номинациялар бўйича тақдирланишди.
Шу билан бирга, “Энг фаол йил талабаси” танловининг институт босқичи ғолибларига дипломлар топширилди.

Тақдирлаш маросими “Тўмарис” халқ ансамбли, мусиқа таълими кафедраси профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалар ижросидаги байрам концерти билан давом этди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири