Инсоният тарихида шундай бурилиш нуқталари бўладики, улар минг чақирим олисдаги халқлар тақдирини кутилмаган тарзда бирлаштиради. XIX асрнинг иккинчи ярмида Россия империясининг ғарбий чеккаларида юз берган ижтимоий-сиёсий зиддиятлар ана шундай тарихий жараёнларга туртки берди. 1863 йилда Кастусь Калиновский раҳбарлигида кўтарилган халқ қўзғолони бостирилгач, унинг иштирокчилари сургун қилина бошланди. Айни шу даврда илк белорус оилаларининг қадами Туркистон ўлкасига етди. Бу шунчаки мажбурий кўчиш эмас, балки ўз ватанидан айрилган инсонларнинг бегона юртда янги ҳаёт бошлаш, маҳаллий аҳоли билан тил топишиш йўлидаги машаққатли синови эди. Ўзбек халқи эса ўзининг азалий бағрикенглик анъаналарига содиқ қолган ҳолда, ушбу мусофирларга бошпана берди ва уларнинг янги ватанга мослашиши учун замин яратди.
“Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, белорусларнинг ўлкамизга кириб келиши бир неча тарихий босқичларни қамраб олади. Дастлабки даврда, яъни XIX асрнинг 60-йилларида бу жараён асосан сиёсий сургун ва ҳарбий хизмат билан боғлиқ бўлган бўлса, 90-йилларга келиб вазият ўзгарди. Россиянинг жануби-ғарбий губернияларида ер тақчиллиги муаммоси кескинлашгани боис, деҳқон хўжаликларининг катта оқими шарққа юз бурди. Узоқ ва азобли йўл босиб келган бу одамлар Самарқанд вилояти, Мирзачўл даштлари ва Фарғона водийси каби унумдор ерларга ўрнашдилар. Улар маҳаллий аҳоли билан ёнма-ён яшаб, деҳқончилик маданиятидаги тажрибаларини ўртоқлашдилар. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, ўлкага келганлар орасида нафақат оддий деҳқонлар, балки малакали мутахассислар – ер ўлчовчилар, топографлар ва ҳарбий маъмурият вакиллари ҳам бор эди.
ХХ аср бошларига келиб, белорусларнинг жамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланди. Бунга яққол мисол сифатида Константин Писарчик фаолиятини келтириш мумкин. Белорус деҳқони оиласида туғилган бу инсон касби бўйича ер ўлчовчи бўлиб, Қўқон шаҳридаги ер бўлимида хизмат қилган. Унинг фаолиятидаги энг эътиборга молик жиҳат шундаки, Константин Писарчик маҳаллий аҳолига бўлган чуқур ҳурмати туфайли ўзбек тилини мукаммал ўрганган. Бу ҳам етмаганидек, 20-йиллар бошида маҳаллий ёшлардан ер тузувчи мутахассислар тайёрлаш курсларини ташкил этган. Бундай инсонларнинг ҳаёт йўли икки халқ ўртасидаги маданий ва маърифий алоқалар нақадар чуқур илдизга эга эканини кўрсатади. 1920 йилги статистик маълумотларга кўра, Самарқанд, Жиззах, Каттақўрғон ҳудудларида белорус оилалари муқим яшаб, хўжалик юритишган.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари ўзбек ва белорус халқлари дўстлигини синовдан ўтказган энг оғир давр бўлди. Уруш олови ичида қолган Ғарбий ҳудудлардан юзлаб завод ва фабрикалар Ўзбекистонга эвакуация қилинди. Улар билан бирга минглаб белорус ишчилари ва зиёлилари Тошкент ҳамда бошқа шаҳарлардан паноҳ топдилар. Ўша машъум йилларда таниқли белорус ёзувчиси Якуб Колас ҳам Тошкентда яшаб ижод қилгани адабий алоқаларимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Айни пайтда, Ўзбекистондан фронтга сафарбар этилган жангчилар орасида этник белоруслар ҳам кўпчиликни ташкил этди. Улардан Г.М.Станкевич, Е.К.Стемпковская, А.Н.Тюльга, Е.С.Белявин каби етти нафар уруш қатнашчиси “Қаҳрамон” унвонига сазовор бўлди. Бу жасорат ўзбек заминида вояга етган фарзандларнинг ғалабага қўшган ҳиссасидир.
Урушдан кейинги тикланиш даврида ҳам ҳамжиҳатлик анъаналари давом этди. 1966 йилда Тошкентда юз берган кучли зилзила бутун мамлакатни ларзага солди. Вайрон бўлган шаҳарни қайта тиклаш учун Белоруссиядан икки мингдан ортиқ қурувчи билан етиб келди. Тарихчи Людмила Жукованинг ёзишича, улар қисқа муддат ичида 26,6 минг квадрат метр турар-жой бинолари ва 980 ўринли мактаб барпо этиб, пойтахтимиз кўркига кўрк қўшдилар. Қурилиш ишлари якунлангач, кўплаб белорус мутахассислари шу ерда қолиб, ўз тақдирини Ўзбекистон билан боғладилар. 1970-йилларда Тошкент трактор заводининг ишга туширилиши муносабати билан техник зиёлиларнинг янги тўлқини кириб келди. Бу жараён натижасида 1979 йилга келиб биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 6 мингдан ортиқ белорус истиқомат қилар эди.
Мустақиллик йилларида миллий ўзликни англаш ва тарихий хотирани тиклаш борасидаги ислоҳотлар натижасида турли миллат вакилларининг қадриятларига бўлган эътибор янада кучайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган белоруслар жамиятимизнинг фаол аъзолари саналади. Гарчи ўтган асрнинг 90-йилларида тарихий ватанга қайтиш жараёни кузатилган бўлса-да, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги қўп қиррали савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик алоқалари диаспора вакиллари учун муҳим таянч бўлиб хизмат қилмоқда.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА