XX аср бошидаги глобал сиёсий зиддиятлар дунё харитасини ўзгартириш билан бирга, минглаб инсонлар ҳаётини бутунлай бошқа ўзанга буриб юборди. Биринчи жаҳон уруши даврида Туркистон ўлкаси минглаб австриялик ҳарбий асирлар учун вақтинчалик, кўплари учун эса доимий бошпанага айланди. Манбаларни ўрганиш асносида маълум бўладики, бу давр фақат ҳарбий назорат ва чекловлардан иборат бўлмаган. Аксинча, маҳаллий аҳоли ва хорижликлар ўртасидаги инсоний муносабатлар, касбий ҳамкорлик ва маданий алмашинув жараёнлари ҳам устунлик қилган.
Урушга қадар Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудида австрияликлар деярли яшамас эди. 1886 йилги маълумотларда Тошкентда истиқомат қилган Луиза Тамата исми, 1905 йилда эса Фарғона темир йўли лойиҳасига қизиқиш билдирган тадбиркор Р.Ф.Шуберт номи учрайди. Бироқ 1914 йилдан бошлаб вазият ўзгарди. Жанг майдонларидан келтирилган Австро-Венгрия армиясининг 150 мингга яқин аскар ва офицерлари Туркистон ҳарбий округига жойлаштирилди. Улар дастлаб казарма ва махсус лагерларда сақланган бўлса-да, вақт ўтиши билан шаҳар ва қишлоқлар ҳаётига сингиб бордилар.
1916 йилнинг ўрталарига келиб, асирларга нисбатан тартиб сезиларли даражада юмшатилди. Кўпчиликка лагердан ташқарида яшаш ва меҳнат қилиш ҳуқуқи берилди. Айни шу даврда маҳаллий аҳолининг бағрикенглиги яққол намоён бўлди. Расмий қайдларга кўра, 1914 йил охиридан 1917 йилнинг баҳорига қадар 1457 нафар аскар ва 72 офицер қочишга муваффақ бўлган. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, қочоқларнинг асосий қисми австрияликлар эди. Улар узоққа қочмасдан, маҳаллий аҳоли хонадонларида жон сақладилар. Ўзбек деҳқонлари ва ҳунармандлари уларга иш бериб, оғир шароитда омон қолишларига кўмаклашдилар.
Асирлар орасида турли соҳа мутахассислари – муҳандислар, агрономлар, меъморлар ва санъат усталари кўпчиликни ташкил этарди. Уларнинг салоҳияти ўлкадаги қурилиш ва маданият соҳаларида қўл келди. Хусусан, 1915–1916 йилларда Бухоро темир йўли қурилишида австриялик муҳандислар фаол иштирок этдилар. Мураккаб темир-бетон иншоотларни лойиҳалаш ва қуришда уларнинг техник билимлари муҳим аҳамият касб этди. Бундан ташқари, австриялик шифокорлар ҳам маҳаллий аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб, соғлиқни сақлаш тизимидаги етишмовчиликларни тўлдиришга ҳисса қўшдилар.
Маданий ҳаётда ҳам жонланиш кузатилди. Тошкент симфоник оркестри тарихида австриялик мусиқачиларнинг ўрни бўлакча. Дирижёр Ф.Седлячек раҳбарлигидаги жамоа ижролари маҳаллий зиёлиларни Европа мусиқаси билан таништирди. Самарқанд шаҳрида эса монументал санъат соҳасида ўзига хос ҳамкорлик юзага келди. 1919 йилда ҳайкалтарош Э.Руш томонидан яратилган “Озодлик” ҳайкали қурилишида маҳаллий усталар билан бир сафда австриялик, чех ва немис қурувчилари меҳнат қилди. Бу обида уруш айирган халқлар вакилларининг меҳнат майдонида бирлашганини ифодаловчи рамзга айланди.
Илм-фан ва тарихни ўрганиш йўналишида ҳам эътиборга молик фактлар мавжуд. 1920 йилда Самарқанддаги қадимий ёдгорликларни муҳофаза қилиш қўмитасида ишлаган собиқ асир Брукман таниқли археолог М.Е.Массон билан ҳамкорлик қилди. У Мирзо Улуғбек мадрасасида олиб борилган археологик қазишмаларда қатнашиб, тарихий меросни ўрганишга ўз ҳиссасини қўшди. Массон ўз хотираларида Брукманни ишига пухта ва самимий инсон сифатида таърифлайди. Бу хорижлик мутахассисларнинг ўлкамиз тарихига ҳурмат билан қараганидан далолат беради.
Халқаро ташкилотлар вакилларининг ташрифлари ҳам асирлар ҳаётига таъсир ўтказди. Швеция ва Дания Қизил Хоч жамиятлари делегатлари (Хокен фон Шульман, капитан А.Брун) келгач, уларнинг шароити яхшиланди. 1917 йилги сиёсий ўзгаришлардан сўнг асирларга эркинлик берилди. Бу жараёнлар уларнинг жамиятга интеграциялашувини тезлаштирди.
1918 йилда Макс Гроссер раҳбарлигида Хорижий фуқаролар қўмитаси тузилиб, ватанга қайтиш ишлари бошланди. Брест тинчлик шартномасидан кейин кўпчилик ўз юртига қайтган бўлса-да, Ўзбекистонда қолишни маъқул кўрганлар ҳам бўлди. Улар шифокор, қурувчи ёки муҳандис сифатида фаолиятини давом эттирдилар. Австрияда чоп этилган эсдаликларда собиқ асирлар Туркистонни қийин кунларда паноҳ берган, одамлари меҳр-оқибатли юрт сифатида илиқ хотирлайдилар. Бугунги кунда тарихга айланган ушбу воқеалар халқимизнинг бағрикенглиги ва инсонпарварлик анъаналарининг ёрқин намунаси бўлиб қолмоқда.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА