Тарихнинг чархпалаги айланиб, инсоният бошига турли синовларни солади. Уруш оловлари, сиёсий бўҳронлар ва тақдир тақозоси билан турли халқ вакиллари ўз юртидан йироқларга бош олиб кетишга мажбур бўладилар. Шарқ гавҳари саналмиш Ўзбекистон азалдан бағрикенглик ва меҳмондўстлик маскани сифатида дунёга танилган.
Ўз номини қадимги лотин тилидаги “романус” – “римлик” сўзидан олган румин халқи вакилларининг серқуёш ўлкамизга келиб қолиши ҳам ана шундай тарихий жараёнларнинг натижасидир. Бу воқеалар шунчаки қуруқ қайдлар йиғиндиси эмас, балки инсонийлик, оқибат ва ўзбек халқининг маданиятидан сўзловчи ёрқин саҳифалардир.
Ўтган асрнинг бошларида Туркистон ўлкасида саноқли руминлар истиқомат қилган бўлиб, улар асосан ҳунармандчилик ва деҳқончилик билан шуғулланганлар. Бироқ Биринчи жаҳон урушининг бошланиши вазиятни тубдан ўзгартириб юборди. Жанг майдонларидаги шиддатли тўқнашувлар натижасида минглаб аскарлар асирга олиниб, турли ҳудудларга, жумладан, Туркистонга юборилди. Мингдан ортиқ румин асирларининг тақдири шу тариқа ўзбек замини билан боғланди. Дастлабки йилларда улар учун ҳаёт синовли кечган бўлса-да, маҳаллий аҳолининг хайрихоҳлиги уларга куч ва мадад берди. 1917 йилнинг баҳорига келиб, сиёсий вазият юмшаши билан асирларнинг ҳаёт тарзида ижобий ўзгаришлар рўй берди. Элзас-лотаринглар ва италянлар қаторида руминлар учун ҳам махсус ҳомийлик кенгашларининг тузилиши уларнинг оғир қисматини бироз бўлса-да енгиллаштирди.
Ўша даврда маҳаллий ҳокимият томонидан миллий ҳарбий тузилмаларни шакллантириш ҳаракатлари бошланганда, руминлар орасида бунга қизиқиш билдирганлар кўпчиликни ташкил этмади. Бор-йўғи юз нафар трансилваниялик аскар ва йигирма тўрт нафар офицер янги тузилмаларга аъзо бўлишди. Аксарият асирларнинг кўз ўнгида фақат бир орзу – она Ватанга қайтиш истаги турарди. 1918 йилда тузилган Чет эл фуқаролари иттифоқи рўйхатида 395 нафар румин миллатига мансуб киши қайд этилган. Кейинчалик собиқ асирларга ўз юртларига қайтишга рухсат берилганда, уларнинг бир қисми бу имкониятдан фойдаланди. Аммо тақдирини шу замин билан боғлашга қарор қилган, ўзбек халқининг меҳрига кўнгил қўйган бир гуруҳ вакиллари Туркистонда қолдилар.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари ўзбек халқининг инсонпарварлиги яна бир бор синовдан ўтди ва дунёга намуна бўлди. Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан минглаб инсонлар Ўзбекистонга эвакуация қилинди. “Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, улар орасида румин миллатига мансуб инсонлар ҳам бор эди. Тақдир тақозоси билан Самарқанд вилоятига келиб қолган ўсмир – бўлажак таниқли румин ёзувчиси ва публицисти Хараламб Зинкенинг ҳаёти бунга яққол мисол бўла олади. Ота-онасидан айрилган, уруш даҳшатларини ўз кўзи билан кўрган бу болани оддий ўзбек оиласи ўз бағрига олди. Абдурасул Жўраев хонадони Хараламб учун иккинчи уйга, унинг аъзолари эса қондош жигарларга айланди. Ўзбек отанинг меҳри, тандирда ёпилган иссиқ нон ва самимий муносабат уни ўлим чангалидан қутқариб қолди.
Хараламб Зинке кейинчалик жанг майдонларида мардларча курашди, ғалабадан сўнг ўз ватани Руминияга қайтди. Аммо у умрининг охиригача Ўзбекистонни, ўзига нон ва бошпана берган Абдурасул отани унутмади. Унинг ижодида ва хотираларида ўзбек халқига бўлган чексиз миннатдорлик туйғуси ҳамиша уфуриб турди. Бу биргина инсон тақдири мисолида минглаб шундай воқеаларнинг моҳияти намоён бўлади. Урушдан кейинги йилларда ҳам румин миллати вакиллари юртимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Хусусан, ўтган асрнинг 60-йилларида Алишер Навоий номидаги Катта театрда фаолият юритган балет артисти Тодор Папеску санъат ихлосмандларининг олқишига сазовор бўлди. Мамлакатимизда таниқли жарроҳ Евгений Кипел, скрипкачи Маринесколар оиласи каби румин диаспораси вакиллари истиқомат қилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлиб келдилар.
Статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, юртимизда истиқомат қилувчи руминлар сони унчалик кўп эмаслигини кўрамиз: 1926 йилда 116 нафар, 1979 йилда 131 нафар ва 1989 йилда 158 нафар. Бироқ масаланинг моҳияти рақамларнинг катта-кичиклигида эмас. Гап турли миллат вакилларининг ўзбек заминида тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келаётганида, халқимизнинг уларга нисбатан кўрсатган юксак инсоний муносабатидадир. Тарих саҳифаларига муҳрланган бу воқеалар ўзбек халқининг нақадар бағрикенг, меҳр-оқибатли ва олижаноб эканлигидан далолат беради. Бугунги тинч ва осуда кунларимизда ҳам бу тарихий дўстлик ришталари, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари жамиятимиз ҳаётида муҳим ўрин тутиб келмоқда.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА