Археология фани баъзан шундай далилларни тақдим этадики, улар биз билган тарих саҳифаларини қайта мушоҳада қилишга ундайди. Фарғона водийсининг Сўх туманидан топилган, милоддан аввалги II минг йилликка мансуб ноёб тош тумор – айнан шундай сирли топилмалардан биридир. Фарғоналик қадимги усталар томонидан ясалган, бир-бирига чирмашган икки илон тасвири туширилган ушбу ёдгорликнинг минглаб чақирим олисдаги – Эрон Озарбайжони ҳудудидан топилган тош буюм шаклини ҳайратланарли аниқликда такрорлаши шунчаки тасодифми? Ушбу “тилсиз гувоҳ” шундан далолат берадики, ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги маданий-иқтисодий муштараклик минг йиллар аввал мавжуд бўлган.
Асрлар силсиласида бу алоқалар Буюк Ипак йўлининг “қон томирлари” орқали мунтазам озиқланиб борди. VIII–XII асрлардаёқ Бухоро, Самарқанд ва Шош шаҳарлари Кавказнинг савдо ва маданият ўчоқлари билан узвий боғланган эди. Бу ҳамкорликнинг юксак чўққиси Амир Темур ва темурийлар даврига тўғри келади. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Соҳибқироннинг ғолибона юришларидан сўнг Мовароуннаҳрга олиб келинган озарбайжонлик моҳир меъморлар ва тошйўнарлар юртимизнинг меъморий қиёфасини шакллантиришда муҳим ўрин тутганлар. Хусусан, Самарқанддаги Амир Темур жоме масжиди ва Шаҳрисабздаги тенгсиз Оқсарой мажмуасининг бадиий безакларида уларнинг нозик диди ўз аксини топган. Уста Муҳаммад Юсуф Табризий каби ўз ишининг фидойилари номи нақшлар қатига битилиб, абадиятга муҳрланди. Айнан Ҳиндистон ва Озарбайжон санъати таъсирида, ўша давр Мовароуннаҳр меъморчилигида ғишт билан бир қаторда тошдан фойдаланиш, бино пойдеворини мустаҳкамлашнинг янги усуллари кенг жорий этилди.
Икки халқ ўртасидаги яқинлик нафақат саройлар зийнатида, балки оддий халқ турмуш тарзида ҳам яққол намоён бўлади. Бокунинг эски шаҳар қисмида бухоролик савдогарлар учун махсус қурилган “Бухоро” карвонсаройининг сақланиб қолгани ўрта асрлардаги иқтисодий алоқалар кўламидан дарак беради. Шунингдек, озарбайжон хонадонларида урф бўлган “Бухор” номли безак каминларининг ўзбек уйларидаги токча ва меҳробларни эслатиши – маиший ҳаётдаги муштаракликнинг исботидир. XV асрда яшаган озарбайжонлик олим Абдуррашид Бокувий ўз асарларида Самарқанд ва Бухоро тавсифига кенг ўрин ажратган бўлса, XVI асрда Бухорода яшаб ижод қилган файласуф Мирзажон Шерозий ва кейинчалик Самарқанд илмий муҳитида танилган Юсуф Қорабоғий каби мутафаккирлар маънавий дунёмизни бойитишга муносиб ҳисса қўшдилар.
ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларига келиб, тарихий ришталар саноат ва маърифатпарварлик йўналишида янги босқичга кўтарилди. Туркистон ўлкасида саноатлаштириш жараёни бошланганда, айниқса, 1904 йилда Чимёнда илк нефть фаввораси отилганда, Боку нефтчиларининг кўп йиллик тажрибаси ҳаводек зарур эди. Шу даврдан бошлаб, Фарғона водийсидаги “қора олтин” конларида меҳнат қилувчи озарбайжонлик мутахассисларнинг катта гуруҳи шаклланди. Маърифий жабҳада эса жадидчилик ҳаракатининг фаоллари саҳнага чиқди. 1906 йилда Самарқандда янги усулдаги мактаб очган Саидризо Ализода ҳамда – “Бухорои шариф” газетасига муҳаррирлик қилган Мирзо Жалол Юсуфзоданинг фаолияти миллат зиёси йўлидаги фидойилик намунасидир. Улар нафақат мактаб очдилар, балки маҳаллий аҳолининг дунёқарашини ўзгартириш, илм-маърифат тарқатиш йўлида жонбозлик кўрсатдилар.
“Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, мураккаб сиёсий жараёнлар, хусусан, 1944 йилги кўчириш сиёсати ва 1966 йилги Тошкент зилзиласи кўплаб озарбайжон оилаларининг тақдирини Ўзбекистон билан боғлади. Тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган бу инсонлар ўзбек заминини ўзлари учун иккинчи Ватан деб билдилар. Тил ва дин бирлиги, урф-одатларнинг яқинлиги уларнинг жамиятимизга тез қўшилиб кетишига замин яратди. Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги чўлларни ўзлаштиришда, Газли шаҳридаги газ саноатининг ривожида уларнинг меҳнати беқиёс. 1970 йилларга келиб биргина Тошкент вилоятининг ўзида ўн мингдан зиёд озарбайжон миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилгани ҳам бу жараённинг кўламидан далолат беради.
Ўзбекистон заминида яшаб ижод қилган, асли Бокуда туғилган, лекин ўзбек адабиётининг фахрига айланган Мақсуд Шайхзоданинг номи икки халқ дўстлигининг ёрқин тимсоли сифатида қадрланади. Унинг “Жалолиддин Мангуберди” ва “Мирзо Улуғбек” каби ўлмас асарлари ўзбек халқининг шонли тарихини улуғлашга хизмат қилмоқда. Юртимиздаги озарбайжон диаспораси вакиллари ўзларининг миллий байрамлари, хусусан, Наврўз айёмини ўзбек биродарлари билан биргаликда, пахлава ва шакарбура каби ширинликлар тортиқ қилиб нишонлаши азалий анъанага айланган. Қадимги даврлардан бошланган бу тарихий йўл бугунги кунда ҳам давом этиб, икки қондош халқнинг абадий дўстлигига гувоҳ бўлиб келмоқда.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА