Буюк Британия ва Ўзбекистон жўғрофий жиҳатдан бир-биридан минглаб чақирим узоқликда жойлашган. Бироқ тарих чархпалаги бу икки минтақа вакилларини турли даврларда ўзаро тўқнаш келишига сабабчи бўлган.
Ўзбек заминидаги инглизлар тарихи шунчаки сайёҳлик ёки савдо алоқаларидан иборат эмас. Бу ўринда сиёсат, дипломатик муносабатлар ва илмий изланишлар ётибди. Статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, юртимизда доимий яшаган инглизлар сони кўп бўлмаган. Масалан, 1926 йилда Ўзбекистонда бор-йўғи 20 нафар инглиз истиқомат қилган. 1979 йилга келиб бу кўрсаткич 5 нафарни, 1989 йилда эса 9 нафарни ташкил этган. Аммо бу рақамлар тарихий жараёнларнинг асл моҳиятини тўлиқ очиб бера олмайди. Чунки инглизларнинг минтақамиздаги изи сон билан эмас, балки сиёсий ва маданий салмоқ билан ўлчанади.
Тарих саҳифаларини варақлаганда, энг аввало, Амир Темур давридаги юксак дипломатик алоқалар кўзга ташланади. Соҳибқирон бобомиз нафақат Шарқ, балки Ғарб дунёси билан ҳам тенг ҳуқуқли мулоқот ўрнатган эди. Манбаларда Амир Темур ва унинг ўғли Мироншоҳнинг Ғарбий Европа ҳукмдорлари билан ёзишмалари ҳақида қимматли маълумотлар мавжуд. Хусусан, Англия қироли Генрих IV билан олиб борилган дипломатик мулоқотлар диққатга сазовордир. Қиролнинг Амир Темур ва Мироншоҳга йўллаган мактублари лотин тилида битилган. Амир Темурнинг жавоб хатлари эса форс тилида ёзилган. Бу муҳим вазифани бажаришда Ватикан вакили архиепископ Иоанн ва доминиканлик роҳиб Франциск воситачилик қилган. Бу далиллар ўша даврдаёқ Самарқанднинг жаҳон сиёсати марказларидан бири бўлганини исботлайди.
Кейинги асрларда ҳам Туманли Альбион вакилларининг Марказий Осиёга қизиқиши сўнмаган. XVI асрда, аниқроғи 1558–1560 йилларда дипломат Антоний Женкинсон бу ҳудудларга ташриф буюради. У Самарқанд, Бухоро ва Хоразм шаҳарларида бўлиб, қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Женкинсоннинг кундалиги тарихчиларимиз учун муҳим манба ҳисобланади. Ушбу ёзувлар ўша давр муҳити, бозорлардаги нарх-наво ва ижтимоий ҳаёт ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради. Бундан ташқари, 1740 йилнинг февраль ойида рус компанияси вакиллари Жорж Томпсон ва Регнальд Хогг Хива ва Бухоро томон йўлга чиқади. Уларнинг мақсади савдо алоқаларини кенгайтириш эди. Сафар давомида иккала вакил ҳам Хивага етиб боради. Бироқ тақдир тақозоси билан Бухорога фақат Жорж Томпсон қадам қўя олган.
XIX аср ўрталарига келиб, вазият ўзгарди. Бу даврда “Катта ўйин” деб номланган геосиёсий рақобат кучайган эди. 1831–1833 йилларда Александр Бёрнс Бухорога сафар қилади ва бу ҳудуд ҳақида батафсил тавсифнома ёзади. Асрнинг иккинчи ярмида эса Туркистон ўлкасида доимий ёки вақтинча яшовчи инглизлар пайдо бўла бошлади. Улар орасида инглиз тили ўқитувчилари, савдо фирмалари вакиллари, меҳмонхона хизматчилари ва ҳатто гувернанткалар бор эди. Лекин уларнинг маҳаллий аҳоли билан муносабатлари силлиқ кечмаган. Бунга асосий сабаб диний ва маданий тафовутлар эди. Шунингдек, Россия империяси ҳукумати ҳам инглизларнинг бу ердаги фаолиятига шубҳа билан қараган. Уларни доимий назорат остида ушлашга ҳаракат қилинган. Инглизлар кўпроқ рус ҳарбий амалдорлари ва савдогарлари даврасида бўлишга мажбур эди.
Шундай бўлса-да, ўзбек заминининг бетакрор маданияти сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортган. 1884 йилда Самарқандга келган Генри Ленсделл меъморий обидаларимизга мафтун бўлиб қолади. У Самарқанд кошинларидан намуналар олиб кетишга муваффақ бўлган ва бунинг учун алоҳида миннатдорлик билдирган. Замондошларининг хотираларида бу воқеа ўз аксини топган. 1899 йилда эса Гюнтер ва Ганбери хонимлар сайёҳ сифатида ўлкамизга ташриф буюради. Улар ҳам ўз таассуротларини қоғозга туширган. Ўлка генерал-губернатори Вревскийнинг оиласида хизмат қилган мисс Горн каби шахслар ҳам тарихда из қолдирган. Биринчи жаҳон уруши ва фуқаролар уруши йилларида Туркистондаги инглиз миссияси раиси Фредерик Бейлининг фаолияти алоҳида тадқиқот мавзусидир.
“Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, совет ҳокимияти йилларида Ўзбекистондаги инглизлар сони кескин камайди. Уларнинг асосий қисми қатағонга учради ёки мамлакатни тарк этди. Аммо айрим олимлар ва маданият ходимларининг шажарасида инглиз қони мавжуд эди. Марказий Осиё археологиясининг дарғаси, академик Михаил Евгеньевич Массон бунга яққол мисол бўла олади. Унинг ота томондан аждодлари шотландиялик Мейссен, она томондан эса англиялик С. Уайт хоним бўлган. Массон бутун умрини ўзбек халқининг қадимий тарихини ўрганишга бағишлади. У Самарқанд, Термиз ва Тошкентдаги қадимий ёдгорликларни тадқиқ этишда беқиёс хизмат кўрсатди. Унинг илмий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ўзбек заминидаги инглизлар тарихи қизиқарли воқеаларга бой. Бу муносабатлар дипломатик мактублардан тортиб, илмий кашфиётларгача бўлган узоқ йўлни босиб ўтди. Бугунги кунда ҳам иқтисодий ва маданий алоқалар янги босқичда давом этмоқда. Юртимизга инглиз тили ўқитувчилари, сайёҳлар ва ишбилармонлар ташриф буюрмоқда.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА