Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тақдирлар чорраҳасида: Ўзбек заминидаги данияликлар
09:54 / 2026-01-14

Скандинавиянинг совуқ қоялари ва Ўрта Осиёнинг жазирама чўллари орасидаги масофа минглаб чақиримни ташкил этади. Бир қарашда, қадимги викинглар авлоди бўлган данияликлар ва Буюк Ипак йўли чорраҳасида яшовчи ўзбек халқи ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқдек. Аммо тарихнинг ўзига хос, баъзан ҳайратланарли мантиғи бор. XIX аср охирларида глобал геосиёсий ўзгаришлар шамоли Европанинг шимолий қутбидан бир гуруҳ тақдирларни айнан бизнинг заминимизга олиб келди. Хўш, ўзга маданият ва ўзга иқлим шароитига эга Туркистон ўлкасига келган бу инсонлар ким эди?

Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилгач, ўлкага турли касб эгалари кела бошлади. 1871 йилги тарихий қайдларга назар ташланса, янги қиёфага кираётган Тошкент аҳолиси орасида данияликлар ҳам бўлган. Улар дастлаб асосан маъмурий бошқарув тизимидаги амалдорлар сифатида кўзга ташланган бўлса-да, кейинчалик жамият ҳаётининг муҳим бўғинларига кириб борди. Шундай шахслардан бири – 1883 йилда оиласи билан Тошкентга кўчиб келган Теодор Нильсендир. У шунчаки оддий хизматчи эмас, балки Туркистонда почта ва телеграф алоқасини йўлга қўйишдек машаққатли ишнинг бошида турган алоқачи эди. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари билан ўлкамиз ахборот узатиш тармоғининг илк ришталарига боғланди. Унинг набираси Владимир Нильсен кейинчалик архитектура фанлари доктори даражасига етиб, юртимиз меъморчилиги тарихини ўрганиш ва ривожлантиришга ҳисса қўшди.

Данияликларнинг ўзбек заминидаги фаолияти фақат техника соҳаси билан чекланиб қолмаган. Ўрта Осиёнинг бой табиати ва қишлоқ хўжалиги салоҳияти шимоллик олимларни оҳанрабодек ўзига жалб этган. Рихард Шредер номи бугун нафақат мутахассислар, балки кенг жамоатчиликка ҳам яхши таниш. Асли даниялик бўлган, тақдирини ўзбек тупроғи билан боғлаган бу забардаст агроном 1902 йил охиридан бошлаб Тошкент яқинидаги қишлоқ хўжалиги станциясини бошқарган. У ҳаётининг мазмунини “Шредер” номи билан машҳур ғўза навини яратишга ва агротехникани такомиллаштиришга бағишлади. Унинг илмий жасорати шунда эдики, у ёт юртда эмас, ўз Ватанида юргандек меҳнат қилди, ўзбек деҳқонининг оғирини енгил қилишга интилди.

Ўлка тарихи ва маданиятини дунёга танитишда ҳам даниялик тадқиқотчиларнинг хизматлари бор. “Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, 1896–1899 йиллар оралиғида Дания армияси лейтенанти Ол Олюфсен бошчилигидаги экспедиция аъзоларининг Бухоро амирлигига сафари ғоят сермаҳсул бўлган. Ушбу сафар давомида тўпланган ноёб маълумотлар Ғарб дунёси учун сирли Турон эшикларини қайта очди. Олюфсен Копенгагендаги Миллий музейга 700 дан ортиқ этнографик экспонатни топшириш билан бирга, юздан ортиқ нодир фотосуратларни мерос қилиб қолдирди. Бу суратларда XIX аср охиридаги Бухоро аҳолисининг турмуш тарзи, миллий қиёфаси ва меъморий обидалари акс этган. Олюфсеннинг 1911 йилда Лондонда чоп этилган “Бухоро амири ва унинг мамлакати” номли асарида Исмоил Сомоний мақбарасининг илк илмий тавсифи берилганлиги, ўзбек меъморчилиги дурдоналарининг халқаро миқёсда эътироф этилишига хизмат қилди.

ХХ аср бошларига келиб, минтақамизда яшовчи данияликлар сони унчалик кўп эмасди. Улар сиёсий ўйинлардан йироқ бўлиб, асосан илм-фан ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритдилар. Бироқ 1917 йилги инқилобий бўҳронлар даврида вазият кескин ўзгарди. Шу йилнинг декабрида Даниянинг Петрограддаги элчихонаси вакили капитан А.Брун Тошкентга келиб, ҳарбий асирлар ва қочқинлар ҳолидан хабар олди. Ўша даврдаги беқарорлик ва нотинчликлар кўплаб чет элликларни ўз ватанларига қайтиб кетишга мажбур қилган бўлса-да, Нильсенлар ва Шредерлар оиласи бундан мустасно бўлди. Улар ўзлари меҳр қўйган Тошкентда қолишни афзал кўрдилар. Бу қарор замирида уларнинг ўзбек халқига бўлган чексиз ҳурмати ва бу заминни ўзлари учун иккинчи Ватан деб билганликлари ётибди.

Бугунги кунда тарихга назар ташлар эканмиз, ўзбек замини азалдан турли халқлар ва маданиятлар тинч-тотув яшаган, илм-маърифат қадрланган макон бўлганига яна бир бор амин бўламиз. Рихард Шредер каби олимларнинг фидокорона меҳнати, Владимир Нильсен лойиҳалаштирган бинолар, Ол Олюфсеннинг тарихий фотосуратлари – буларнинг барчаси тарихимизнинг бир бўлагидир. Бу тарихий далиллар аждодларимизнинг бағрикенглиги ва илмга бўлган интилишидан сабоқ бериши шубҳасиз. 

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА