Евроосиё қитъасининг марказий қисмида асрлар давомида шаклланган этномаданий муносабатлар тарихи ўзининг кўп қирралилиги билан ажралиб туради. Туркий халқлар оиласининг ўзига хос вакили бўлган чувашларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги ижтимоий ва маданий жараёнлардаги иштироки ҳам ана шундай тарихий боғлиқликларнинг яққол намунасидир.
Чувашлар XV асрда қадимги булғорлар ва Ўрта Волга бўйида истиқомат қилган фин-угор қабилаларининг аралашуви натижасида шаклланган этнос ҳисобланади. Ушбу халқ вакиллари XV асрда татар хонликлари таъсири остида бўлган, XVI аср ўрталарига келиб эса Қозон хонлиги ҳукмронлиги даврини бошидан кечирган. 1581 йилда Россия таркибига қўшилган чуваш халқи, гарчи диний эътиқодига кўра насронийликнинг православ оқимига мансуб бўлса-да, тил жиҳатидан туркий тиллар оиласининг булғор гуруҳига киради. Бу омил уларнинг Ўрта Осиё халқлари, хусусан, ўзбеклар билан тил ва маданият борасида яқинлашувида муҳим аҳамият касб этган.
XIX аср охири ва XX аср бошларида Туркистон ўлкасида дастлабки чуваш оилалари пайдо бўла бошлади. Ўша даврдаги тарихий манбаларга кўра, бу ҳудудга кўчиб келган чувашлар асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи меҳнаткашлар эди. 1897 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари таҳлил қилинганда, Самарқанд вилоятида атиги 71 нафар чуваш миллатига мансуб фуқаро истиқомат қилгани маълум бўлади. Ўша даврда чуваш халқи орасида саводхонлик даражаси паст бўлган. Бироқ кейинги тарихий босқичларда Ўзбекистон ҳудуди ушбу этнос вакиллари учун нафақат яшаш манзили, балки маърифий юксалиш маконига айланди.
Ўзбекистонда чуваш диаспорасининг асосий шаклланиш даври ўтган асрнинг 20-йиллари охири ва Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларга тўғри келади. Туркистон ҳарбий округида хизмат қилган кўплаб чуваш ҳарбийлари хизмат муддати якунлангач, доимий яшаш учун шу заминда қолишга қарор қилганлар. Бу қарорнинг қабул қилинишида бир нечта муҳим омиллар мавжуд эди. Биринчидан, ўзбек ва чуваш халқлари ўртасидаги тил яқинлиги мулоқотни осонлаштирган. Иккинчидан, миллий либослардаги ўхшашликлар ва пазандачилик анъаналаридаги уйғунлик маҳаллий аҳоли билан тез аралашиб кетиш имконини берган. Учинчидан, ўзбек халқига хос бўлган бағрикенглик ва меҳмондўстлик фазилатлари ўзга юртдан келган инсонларнинг бу ерда ўзларини бегона ҳис қилмасликлари учун замин яратган.
Мамлакатимизда амалга оширилган йирик иқтисодий лойиҳаларда чуваш миллатига мансуб мутахассисларнинг иштироки салмоқли бўлган. Табиатан деҳқончиликка моҳир бўлган бу халқ вакиллари 1950–1960-йилларда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги қўриқ ерларни ўзлаштиришда фаол қатнашганлар. Шунингдек, Мирзачўл ҳудудларини ободонлаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда уларнинг меҳнати алоҳида қайд этилган. Ўзбекистон энергетика тизимининг муҳим бўғини ҳисобланган Чорвоқ ГЭС қурилишида ҳам чуваш қурувчилари ва муҳандислари фидокорона меҳнат қилганлар. 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг пойтахтни қайта тиклаш ишларида ҳам уларнинг ҳиссаси катта бўлган.
Ўзбекистонда истиқомат қилувчи чуваш диаспорасининг ижтимоий таркиби йиллар давомида тубдан ўзгарди. Агар аср бошида саводхонлик даражаси паст бўлган бўлса, Ўзбекистон муҳитида вояга етган иккинчи ва учинчи авлод вакиллари олий маълумотга эга бўлиб, илм-фаннинг турли соҳаларида ютуқларга эришдилар. “Ўзбекистоннинг этник атласи”да қайд этилишича, шарқшунос олим, тарих фанлари доктори М.Г.Пикулин ва филология фанлари номзоди Л.В.Данилова каби зиёлиларнинг етишиб чиқиши бунинг яққол исботидир. 1959 йилда Ўзбекистонда 4 минг нафар, 1970 йилда 7 минг нафар, 1979 йилда 9389 нафар ва 1989 йилда 10074 нафар чуваш миллати вакиллари истиқомат қилгани ҳақидаги статистик маълумотлар диаспоранинг ўсиш суръатларини кўрсатади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакилларининг аҳил-иноқ яшаши учун барча шароитлар яратилган. Тарихий манбалар ва далиллар шуни кўрсатадики, ўзбек замини ҳар доим ўз бағрида яшаган халқлар учун тинчлик ва тараққиёт макони бўлиб келган. Чуваш халқининг Ўзбекистондаги тарихи ва ҳаёт йўли ҳам халқимизнинг толерантлик ва инсонпарварлик тамойилларига содиқлигининг яна бир амалий ифодасидир.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА