French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тақдирлар чорраҳасида: Ўзбек заминидаги бошқирдлар
09:27 / 2026-02-27

Тўққизинчи аср бошларида араб сайёҳи ва элчиси Аҳмад ибн Фадлан Орол ва Каспий денгизлари оралиғидаги туркий қавмларни чуқур ўрганади. У ўз битикларида ушбу ҳудудда яшовчи бошқирдлар ҳақида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Бу оддий тарихий қайдлар эмас. Ушбу далил кўҳна Турон замини минг йиллар давомида турли халқларнинг шаклланиш ўчоғи бўлганини яққол тасдиқлайди. Қадимги бошқирд элатининг илдизлари бевосита Марказий Осиё, Саян-Олтой тоғлари ва Жанубий Сибир ҳудудлари билан чамбарчас боғлиқ. Улар узоқ вақт давомида кенг даштларда ҳаёт кечирган. Кейинчалик бу қавмлар Урал тоғлари бағрига бориб ўрнашган.

Тарихчи ва элшунослар бошқирд халқининг келиб чиқиши қорақалпоқларга жуда яқин эканини қайд этишади. Кўплаб бошқирд уруғларининг қадимий ривоятларида уларнинг аждодлари Сирдарёнинг қуйи оқими, Хоразм ва Бухородан кўчиб боргани айтилади. “Ўзбекистоннинг этник атласи”да қайд этилишича, ушбу қондошлик уларнинг оғзаки ижодида ҳам ёрқин намоён бўлади. Машҳур “Алпомиш”, “Уралботир”, “Оқбўзот” каби қаҳрамонлик достонлари икки халқнинг муштарак руҳиятидан дарак беради. Улар туркий тилларнинг оҳангдор қипчоқ шевасида сўзлашади. Шунингдек, ўн икки йиллик мучал тақвими ва ислом динининг суннийлик оқими халқларимизни руҳан бирлаштириб туради. Ислом динининг кириб келиши билан Туронда таълим олган дин вакиллари уларнинг эътиқодини мустаҳкамлашга хизмат қилган.

XIX асрга келиб бу қадимий муносабатлар сиёсий дипломатия даражасига кўтарилди. Россия империяси ҳукумати Хива хонлиги билан мураккаб музокаралар олиб боришда айнан бошқирд вакилларидан фойдаланган. Улар тил ва маданиятдаги яқинлик туфайли Марказий Осиё халқлари билан тез тил топиша олган. 1819 йилги расмий элчиликларга бошқирд оқсоқоли С.Абубакиров раҳбар этиб тайинланиши бежиз эмас эди. Асрнинг иккинчи ярмида эса Туркистон ўлкасига минглаб бошқирдлар кўчиб кела бошлади. Улар асосан серқатнов бозорларда таржимон, темир йўл қурилишида ишчи сифатида меҳнат қилди. XX аср бошларига келиб ўн саккиз минглик диаспора шаклланди.

Ўтган аср бошларида бошқирд ўлкаси иқтисодий ва маданий жиҳатдан анча орқада қолган эди. 1921 йилги матбуот саҳифаларида уларнинг чорвадор ҳам, деҳқон ҳам эмаслиги ёзилган. Туркистон ўлкасида эса улар учун гўёки янги нажот эшиги очилди. Ўзбек заминида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи махсус миллий бюро ташкил этилди. Жойларда она тилидаги мактаблар, маданият ўчоқлари ва ишчи клублари фаолият бошлади. Ҳатто суд ишлари ҳам уларнинг ўз тилида олиб борилди. 

Иккинчи жаҳон урушининг қонли жанггоҳларида бошқирд йигитлари ўзбеклар билан ёнма-ён туриб мардонавор жанг қилдилар. Янгийўллик пахтакор М.Аҳмедов ва самарқандлик ишчи Г.Мурзагалимовлар кўрсатган жасорати учун Қаҳрамон унвонига сазовор бўлдилар. Тинчлик даврида Ўзбекистондаги бошқирдлар сони муттасил ошиб борди. 1926 йилда уларнинг сони етти юз олтмиш беш нафар эди. 1989 йилга келиб бу кўрсаткич ўттиз тўрт мингдан ошди. 

Ўзбек замини кўплаб бошқирд олимлари ва жамоат арбобларига ўз бағрини очди. Машҳур тарихчи ва сиёсатчи Аҳмад Заки Валидий Тўғон айнан шу муқаддас заминда теран илмий изланишлар олиб борган. Геология фанлари доктори О.Исломов ва етук филолог олим А.Ишаевлар илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшди. Ўқитувчи Камита Билалованинг тақдири эса ирода ва матонатнинг ёрқин тимсолидир. Турмуш ўртоғидан айрилган бу аёл 1944 йилда мурғак фарзандлари билан Сирдарёдаги Боёвут хўжалигига келади. У қийинчиликларга қарамай узоқ вақт мактаб директори бўлиб ишлайди. Унинг ўғли Анвар Билалов эса кейинчалик машҳур археолог олим бўлиб етишди.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан бошлаб бошқирдларнинг ўз тарихий ватанига қайтиш жараёни бошланди. Аммо улар тарихимиз саҳифаларида ўзларининг ёрқин ва ўчмас изларини қолдирдилар. Зеро, бу табаррук замин шунчаки яшаш манзили эмас, балки бутун бошли миллатларни ўз бағрига олган муқаддас маърифат ўчоғидир. Бошқирд диаспорасининг тарихи халқимизнинг нақадар олижаноб эканини яна бир бор исботлайди. 

Алишер Эгамбердиев, ЎзА