French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тақдирлар чорраҳасида: Ўзбек заминидаги бельгияликлар
08:40 / 2026-02-01

Тарих саҳифаларини синчиклаб ўрганганимизда, Ватанимиз нафақат Буюк Ипак йўлининг маркази, балки турли цивилизация ва маданиятлар туташган ноёб ҳудуд бўлганига гувоҳ бўламиз.

ХХ асрнинг бошлари Туркистон учун янги техник ўзгаришлар даври сифатида тарихда қолди. Айни шу паллада ўзбек заминига қадам қўйган, ўз тақдирини юртимиз билан боғлаган бельгиялик мутахассисларнинг фаолияти бугунги кунда ҳам катта қизиқиш уйғотади. Узоқ ғарбдан келган муҳандислар ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги ҳамкорлик натижасида шаҳарларимиз қиёфаси ўзгариб, илк замонавий транспорт тармоқлари вужудга кела бошлади. 

Ўша давр манбаларига кўра, юртимизда фаолият юритган ушбу хорижликлар жамоаси гарчи “бельгияликлар” умумий номи остида танилган бўлса-да, аслида икки хил этник гуруҳ вакилларидан иборат эди. Уларнинг бир қисми француз тилида сўзлашувчи валлонлар бўлса, иккинчи қисми нидерланд тилининг жанубий лаҳжасида мулоқот қилувчи фламандлар эди. Аксарияти католик мазҳабига эътиқод қилган бу инсонлар сони жиҳатдан кўп бўлмаса-да (жами 20–25 нафар атрофида), уларнинг минтақа иқтисодий ҳаётидаги ўрни муҳим бўлган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан Тошкент шаҳри инфратузилмасида туб бурилиш ясалди.

Пойтахтимизда жамоат транспорти тизимининг илк кўринишлари айнан мана шу мутахассислар номи билан боғлиқ. 1896 йилда Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бельгиялик тадбиркор Эдуард Дени ўртасида муҳим битим имзоланди. Ушбу ҳужжат шаҳарда от кучига асосланган темир йўл – халқ тилида “кўнка” деб номланган тармоқни қуришни кўзда тутарди. Лойиҳани амалга ошириш учун Европадан муҳандислар ва усталар гуруҳи таклиф этилди. Уларнинг меҳнати натижасида қисқа муддат ичида еттита тармоқ бунёд этилди. Бу лойиҳа шаҳар аҳлининг узоғини яқин қилишда муҳим аҳамиятга эга эди.

Қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилди ва 1901 йилда “кўнка”нинг биринчи йўналиши тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Ушбу йўл темир йўл вокзалини қадимий Эски шаҳар бозори билан боғлаганлиги сабабли ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим вазифани бажарарди. Орадан икки йил ўтиб, 1903 йилда иккинчи йўналиш ишга туширилди. У Романов кўчасидан (ҳозирги Буюк Турон кўчаси) Лагер проспектидаги Сергиев черковигача (ҳозирги Ҳамид Олимжон майдони ҳудуди) чўзилган эди. Статистик маълумотларга қараганда, кўнка линияларининг умумий узунлиги 9,5 километрни ташкил этиб, аҳолига хизмат кўрсатиш учун 30 та вагон ва уларни ҳаракатга келтирувчи 230 та от жалб қилинган.

Бироқ замон шиддати янгиланишни талаб қиларди. 1902 йилда шаҳар маъмурияти яна бир жиддий қадамни ташлади. Электр станцияси биносига тамал тоши қўйилди ва сентябрь ойида “Бельгия аноним акциядорлик жамияти” билан янги шартнома имзоланди. Бу келишув эскирган “кўнка” тизимини замонавий электр трамвайига айлантиришни мақсад қилган эди. Тошкентга яна бир гуруҳ мутахассислар етиб келди. Биринчи жаҳон уруши бошланиши арафасида хорижий сармоя ҳисобига қурилган “Тошкент трамвайи” лойиҳасининг биринчи навбати муваффақиятли ишга туширилди. Аслида 45 йилга мўлжалланган ушбу шартнома 1917 йилдаги сиёсий воқеалар туфайли бекор қилинди. Шунга қарамай, 1913 йилдан бошлаб шаҳар кўчаларида кўнка ўрнини тўлиқ эгаллай бошлаган трамвай узоқ йиллар давомида пойтахт кўрки бўлиб қолди.

Бельгияликларнинг юртимиздаги фаолияти фақат техника ва қурилиш билан чекланмаган. Улар маданий ҳаётга ҳам ўзгача руҳ бағишлаганлар. ХХ аср бошларида Туркистон саҳналарида бельгиялик скрипкачи Корин Кореннинг куйлари янграган. Унинг ижрочилик санъати маҳаллий зиёлилар томонидан катта қизиқиш ва ҳурмат билан кутиб олинган. Кейинчалик унинг шарафига номланган махсус квартет ташкил этилгани ҳам бу шахснинг ўлка маданияти ривожига қўшган ҳиссаси юқори баҳоланганидан далолат беради.

Тарихнинг бундай ёрқин саҳифалари бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Ўтмишдаги дўстлик ришталари кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди. 1989 йилда Тошкент ва Бельгиянинг қадимий Кортрейк шаҳри ўртасида биродарлашув алоқалари ўрнатилди. 1990 йилда Тошкент делегацияси Кортрейк шаҳрининг 800 йиллик юбилей тантаналарида иштирок этиб қайтди. Энг қувонарлиси, 2000 йилда Кортрейк шаҳрининг марказий хиёбонларидан бирида буюк ватандошимиз, тиббиёт илмининг султони Абу Али ибн Сино ҳайкали қад ростлади. 

Алишер Эгамбердиев, ЎзА