Сурхондарёнинг қайноқ қуми остидан топилган қадимий ибодатхона қолдиқлари кўпчиликни ҳайратга солди. Эски Термиз харобаларида VII– VIII асрларга оид насронийлик иншооти қад кўтариб турарди. Ушбу ёдгорлик маҳаллий меъморчилик анъаналаридан бутунлай фарқ қиларди. Бино кавказлик усталарнинг черков қуриш қоидалари асосида тикланган эди. Бу топилма оддий тошлар йиғиндиси эмасди. У буюк ўзбек замининг асрлар давомида турли халқлар учун тинчлик ва омонлик бешиги бўлганини тасдиқловчи яна бир тарихий далилдир. Қадимдан Турон ўлкаси маданиятлар ва тақдирлар туташган улуғвор замин вазифасини ўтаган.
Ушбу халқ вакилларининг минтақага кириб келиши узоқ ўтмишга бориб тақалади. Эрамизнинг III ва IV асрларида Рим империяси ҳудудида қувғинга учраган насронийлар Шарқдан паноҳ излади. Илк бор ўз эътиқодини расмий дин сифатида қабул қилган арманлар ҳам Эрон ва Турон сари йўл олди. Ушбу ҳолатга Буюк Ипак йўлидаги қизғин савдо алоқалари ҳам кучли таъсир кўрсатди. Кўплаб кавказлик савдогарлар шу баҳонада бу заминга кириб келди. Айримлар карвонлар ортидан келиб, шу ерда бутунлай қолиб кетди. Ҳатто 599 йилда Эрон шоҳи арман саркардаси Смбат Багратунини қўшинга бош қилиб, Туронга жўнатади. У бир қанча ғалабаларга эришиб, Туркистоннинг бир қисмида ноиблик қилгани тарихдан маълум.
Буюк Соҳибқирон Амир Темур даврида давлатнинг юксалиши минтақада янги уйғониш даврини бошлаб берди. Қудратли ҳукмдор ўз пойтахти Самарқандни дунёнинг энг гўзал шаҳрига айлантиришни ният қилган эди. Шу мақсадда у кўплаб моҳир бинокорлар, заргарлар, қуролсозлар ва тоштарошларни юртга жалб этди. Кавказнинг жануби-ғарбий қисмидан кўчириб келтирилган минглаб оилалар Туроннинг бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссасини қўшди. Испан элчиси Руи Гонзалес де Клавихо ўз кундаликларида Самарқанддаги арман ҳунармандларининг маҳоратини алоҳида қайд этган. Улар билан бирга руҳоний Карапет Жугаеци ҳам келиб, маҳаллий насронийларга раҳнамолик қилди. Мирзо Улуғбек даврида эса уларнинг бир қисми ислом динини қабул қилди.
“Ўзбекистоннинг этник атласи”да ёзилишича, XIX асрнинг ўрталарига келиб, тарихий вазият ўзгарди. Россия империясининг Туркистонни босиб олиши натижасида ўлкага янги кўчиб келувчилар оқими ошди. Зангезур, Қорабоғ ва Ғарбий Арманистондан келган эркаклар асосан темир йўл қурилишида қатнашди. Красноводск ва Самарқанд оралиғидаги бекатлар, кўприклар ва биноларни тиклашда кавказлик усталарнинг меҳнати асқотди. Айни пайтда, рус зобитлари маҳаллий аҳоли тилини тушунмагани сабабли таржимонларга муҳтож эди. Форс ва турк тилларини яхши билган арманлар тезда бу вазифани эгаллаб, аввалги воситачиларни сиқиб чиқарди.
Дастлабки пайтларда мустамлакачи маъмурият бу кўчиб келиш жараёнини очиқ қўллаб-қувватлади. Рус матбуоти янги кўчиб келганларнинг иқтисодий ва маданий ҳаётдаги муҳим ўрнини мақтаб ёзарди. Бироқ, тез орада манзара ўзгарди. Тошкент, Фарғона ва Зарафшон водийси шаҳарларида чаққон савдогарларнинг кўпайиши русларни хавотирга сола бошлади. Бошқарувчилар ушбу уддабурон савдогарлар маҳаллий иқтисодиётдан рус унсурини суриб чиқаришидан қўрқиб, чекловлар ўрнатди. Шунга қарамай, уларнинг сони муттасил ошиб борди. Биргина Фарғона вилоятининг ўзида ҳам уларнинг сони муттасил ошди. 1913 йилга келиб, ушбу ҳудудда яшовчи арманлар сафи уч минг кишидан ошиб кетди.
ХХ аср бошларига келиб, мазкур миллат вакилларининг ижтимоий ҳаёти янада жонланди. Собиқ советлар ҳукмронлиги йилларида бу ерда яшовчи арманлар сони эллик мингдан ошиб кетди. Улар ўзбек диёрининг маданий ва маърифий юксалишига ҳисса қўшди. Машҳур раққоса Тамарахоним, моҳир муссаввирлар Оганес Татевосян ва Николай Карахан номлари юртимиз солномасига муҳрланди. Мусиқашунос Ашот Петросянц эса ўзбек халқ чолғуларини қайта ишлаб, махсус жўрнавозлар гуруҳини тузди. Илм-фан соҳасида ҳам олимлар етишиб чиқди.
ХХ аср охирларида турли сабабларга кўра уларнинг бир қисми ўз тарихий ватанига ёки бошқа давлатларга кўчиб кетди. Бироқ, асрлар давомида кечган бу ҳаётий манзара бизга муҳим бир ҳақиқатни сўзлайди. Ўзбек давлатчилиги ҳеч қачон ёпиқ ёки айирмачи бўлмаган. Аждодларимиз ўз бағрига келган ҳар бир инсонга меҳр берган. Уларнинг истеъдодини улуғвор мақсадлар йўлида бирлаштира олган. Турли элатларнинг бу муқаддас заминдаги фаолияти халқимизнинг нақадар бағрикенг ва буюк ўтмишга эга эканини исботлайди.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА