Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тақдиримизга айланган бебаҳо неъмат
18:39 / 2020-12-18

Юртимизнинг тарихи ғоят кўҳна, бетакрор ва бой. Унга дунё эътибор ва қизиқиш билан қарамоқда. Она диёримизда камолга етган алломаларнинг асарлари эса дунё илм-фани ривожида бениҳоя катта ўрин эгаллайди.

Миллий ўзликни англашга оид бундай фикрлар бундан ўттиз йил аввал мустақиллик туфайли бўй кўрсата бошлади. Ўзбекистон санъати солномаси жуда теран. Юртимиз ҳудудида қадимшунослар топган санъат дурдоналари, Зараутсой, Тешиктош, Сармишсой, Сополлитепа каби кўҳна шаҳристонлардан чиққан кўплаб сопол ҳайкалчалар, қолаверса, Бақтрия, Хоразм ва Сўғд қадимий шаҳарлари даврига оид бошқа тасвирий санъат намуналари санъатимиз қадим анъаналарга эга эканлигидан далолат беради.

Жаннатмонанд мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган мустақиллик Шарқ Ренессансининг йирик марказларидан бири сифатида икки тамаддунни бошидан кечирган Ўзбекистон ҳудудидаги ана шу сарчашмалардан тўла баҳраманд бўлиш, буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш баробарида жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш имконини берди бизга.

Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида” ги қарори билан танишар эканман, шу ўйлар кечди менда.

Ўз фаолиятимдан келиб чиқиб айтсам, юртимизда тасвирий ва амалий санъатни янада ривожлантириш, миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига кенг танитиш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси ташкил этилгани ҳам айнан мустақиллик шарофатидир.

Мустақиллик барча ижодкорларни маънавий уйғоқликка, ҳаётга янгича назар солишга ундади. Ватанимиз ва меҳнаткаш халқимиз ҳақида, унинг шонли тарихи, ҳаёти ва эзгу орзу-интилишларини тараннум этган етук асарлар яратишда илҳом манбаи бўлди. Ўзида миллий ва умуминсоний қадриятларни жамлаган, буюк аждодларимиз сиймоларини гавдалантирган асарлар юзага келишига кучли туртки берди.Ўтган даврда эришган ютуқларимиз келгуси йўлимизни ёритиб туради. Ҳали олдимизда қилишимиз лозим бўлган ишлар кўп.

Янги Ўзбекистонда яна бир уйғониш – учинчи Ренессансга пойдевор яратилмоқда. Бу борада санъатнинг муҳим ўрни бор. Санъат бўлмаса, инсон ўз қалби билан алоқани йўқотади, маънан қашшоқлашади.

Ўзбекистон Бадиий академияси мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан манфаатдор муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда мустақиллик мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваль ва анъанавий кўргазмаларни фахр ҳисси билан давом эттиради.

Зеро, мустақиллик туфайли жаҳоннинг атоқли маданият ва санъат арбоблари билан илғор тажриба алмашиш, ҳар томонлама ижодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш имконига эга бўлдик. Бунинг натижасида рассомларимиз жаҳоннинг нуфузли санъат масканларида ижодий кўргазмаларини эмин-эркин намойиш қилишмоқда, ташқи дунёни бой анъаналарга эга тасвирий санъатимизда эришилаётган ютуқлар, жўшқин ижодий жараёндан бохабар этишмоқда.

Наинки мамлакат, балки дунё аҳли учун энг қийин ва синовли, қалтис пандемия даврида мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳужжат соҳа равнақи учун илгари мисли кўрилмаган имкониятлар эшигини очмоқда. Миллат руҳини кўтарадиган, уни тарихнинг оғир кунларидан огоҳ етадиган муаззам маскан "Ғалаба" ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Уни бугун бефарқ кўздан кечираётган ҳамюртимизни тополмайсиз. Адиблар хиёбони эса ёшлар учун чин маънода адабиёт, тарбия, маърифат масканига айланди.

Албатта, Ўзбекистон Бадиий академияси мамлакатимизнинг энг улуғ, энг азиз айёмига мустақиллигимизнинг ўттиз йиллигига монанд тарзда тайёргарлик кўради.

Шу қутлуғ сана муносабати билан манфаатдор муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда мустақиллик мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваль ва анъанавий кўргазмаларни, ижодий лойиҳаларни режалаштирмоқдамиз. Зеро, истиқлол барчамизнинг бахту саодатимизда, тақдиримизда, ёш авлод келажагида ўз ифодасини топган, уни мунаввар йўлларга бошлаган бебаҳо неъматдир.

Акмал НУРИДДИНОВ,

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси.

ЎзА