Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Танзила Норбоева: сув билан боғлиқ тизимли муаммолар ҳақида жамоатчилик бонг урмоқда, бироқ масъуллар нега жим?
12:19 / 2023-06-22

Сенат ялпи мажлисида умумий сув ресурсларидан тежамли фойдаланишдаги муаммоларга эътибор қаратилди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева сув ресурсларининг камайиши ва танқислиги бутун дунёда кузатилаётган глобал муаммо эканини таъкидлади. Бундан тегишли хулосалар қилиб, шароитга мослашиш, сувни тежаш ва рационал ишлатишни ўрганиш зарур.

– Лекин бу йўналишда ўз ечимини кутаётган асосий масала – сувдан фойдаланишдаги исрофгарчилик ва ўйловсиз ишлатилиши, – деди Т.Норбоева. – Кундалик ҳаётимизда сувни беҳуда, мақсадсиз исроф қилиш ҳолатларига кўп дуч келмоқдамиз. Кейинги  пайтларда сув билан боғлиқ тизимли муаммолар ҳақида жамоатчилик бонг урмоқда. Турли танқидий-таҳлилий чиқишлар, асосли мулоҳазалар билдирилмоқда. Бироқ масъуллар нега жим?  

Сувдан рационал фойдаланишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни кўрмаяпмиз. Ваҳоланки, дунёнинг кўплаб тараққий этган давлатларида ҳам уларда турмуш даражаси қанчалик юқори бўлмасин, сувни асраб-авайлашга ниҳоятда жиддий эътибор қаратилади, турли инновациялар жорий этилган.

Бизда эса оддий кундалик рўзғор даражасидан тортиб, йирик давлат ташкилотларигача сувдан оқилона фойдаланиш маданияти ҳали тўлиқ шаклланмаган. Айниқса, катта шаҳарларимизда сувни исроф қилиш, тежамаслик ҳолатлари кўпроқ кўзга ташланади.

Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида ишни энг қуйидан, яъни оилалар ва маҳаллалардан бошлаш зарур. Бу борада мутасадди тузилмалар, фуқаролар йиғинлари масъуллари (бешлик) масъулиятни жиддий оширишлари, одамларга тушунтиришлари зарур.

Сувни исроф қилиш ҳолатларига нисбатан жамоатчиликнинг фаол таъсирчан усулларидан ҳам самарали фойдаланиш, яъни муросасиз жамоатчилик назоратини таъминлаш зарур.

Республика ва маҳаллий даражадаги барча раҳбарларнинг сув ресурсларини асраш бўйича масъулияти ва шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш лозим.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашларимизга ҳам мунтазам равишда ҳудудларда сувдан оқилона фойдаланиш масалаларида масъулларнинг ахборотини эшитиб боришни йўлга қўйишлари тавсия этилади, деди Сенат Раиси.  

 

Н.Абдураимова, ЎзА