Танзила Норбоева: Сенатда маъқуллаган қонунлар халқимиз манфаатларига хизмат қилдими, улар қоғозда қолиб кетмадими?
Олий Мажлис Сенати йигирма бешинчи ялпи мажлисида маъруза қилган Сенат раиси Танзила Норбоева кейинги беш йилда сенаторлар 220 дан зиёд қонунни кўриб чиқиб, маъқулланганини қайд этар экан, бу қонунларга қай даражада амал қилинаётганига эътибор қаратди.
Олий Мажлис Сенати йигирма бешинчи ялпи мажлисида маъруза қилган Сенат раиси Танзила Норбоева кейинги беш йилда сенаторлар 220 дан зиёд қонунни кўриб чиқиб, маъқулланганини қайд этар экан, бу қонунларга қай даражада амал қилинаётганига эътибор қаратди.
- Маъқуллаган қонунлар халқимиз манфаатларига хизмат қилдими, улар қоғозда қолиб кетмадими? - деди Сенат раиси. - Бизни сайлаган инсонлар бизнинг фаолиятимиздан рози бўлдими, деган саволларга виждонан жавоб берсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Сенат фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлган парламент назоратига алоҳида эътибор қаратилди. 5 йил давомида Сенат қўмиталари томонидан 300 га яқин назорат тадбирлари ўтказилди.
Сенат тарихида илк бор ички ишлар, ташқи ишлар ва адлия вазирларининг ахборотларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди.
Ҳар йили Омбудсман, Ҳисоб палатаси раиси, Бош прокурор ва Марказий банк бошқаруви раисининг ҳисоботлари эшитилиб, улар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таъсирчан қарорлар қабул қилинди.
Сенат мажлисларида вилоят ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш амалиёти жорий қилинганини парламент назоратининг том маънодаги ютуғи дейиш мумкин.
Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор вазифаларнинг амалга оширилиши устидан парламент назорати ўрнатилиб, мунтазам равишда ҳукумат аъзоларининг ҳисоботлари эшитиб бориляпти.
Бироқ, мақсад фақат вазир ёки ҳоким ҳисоботини эшитиш ва уларнинг фаолиятига баҳо бериш эмас, балки, тегишли соҳа ва ҳудуддаги энг долзарб муаммоларга ҳукумат эътиборини қаратиш ва мавжуд муаммоларни самарали ҳал этиш чораларини белгилашдан иборатдир, деб қайд этди Т.Норбоева.
Шундан келиб чиқиб, ўтган даврда назорат тадбирлари доирасида аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан уй-жой ва бино-иншоотлар ўрнини қоплаш, таълим самарадорлиги ва дарсликлар сифатини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишининг олдини олиш ва шу каби бошқа кўплаб долзарб масалаларда юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.