Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Танзила Норбоева: Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари – тарихий, маданий ва маънавий қадриятларга асосланган
11:45 / 2025-07-01

Хива шаҳрида ўтказилаётган Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форуми “Янги имкониятлар сари: мулоқотдан биргаликдаги ҳаракатларга” мавзусига бағишланди.

Форумда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бу тадбир фақатгина парламентлараро учрашув эмас, балки икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим босқич эканини алоҳида таъкидлади. 

– Ишончим комилки, мазкур форум дўстлик ва биродарликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи, очиқ ва конструктив мулоқот майдони ҳамдир, – деди Т.Норбоева. – Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари ҳар доим умумий тарихий, маданий ва маънавий қадриятларга асосланган. Бу ришталар халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва биродарлик туйғулари билан мустаҳкамланган. Бу йўналишда эса, икки давлат раҳбарлари – Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг шахсий иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айни шу саъй-ҳаракатлар туфайли, Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Бу сиёсатдан тортиб, иқтисодиёт, ижтимоий, гуманитар, таълим ва маданият соҳаларини қамраб олмоқда.

Бунинг учун барча ташкилий ва институционал механизмлар яратилган. Хусусан, Давлатлараро Олий кенгаш, Ҳукуматлараро комиссия, Ишчи кенгаш ва қўшма инвестиция компанияси фаолият юритмоқда. Сўнгги беш йилда ўзаро савдо ҳажми икки баравар ошди. Қўшма корхоналар сони 5 бараварга ошди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида 240 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда.

Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. 3 йилда учта ҳудудлараро форум ўтказилди. Самарқанд - Ганжа, Хива - Шуша, Бухоро - Ленкоран, Қўқон - Шеки, Наманган - Мингечаур, Гулистон - Физули, Термиз - Билясувар шаҳарлари ўртасида алоқалар ўрнатилган.

Бу илм-фан, таълим, маданият ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. 40 дан ортиқ олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик дастурлари амалга оширилмоқда.

Бу рақамлар Ўзбекистон ташқи сиёсатида Озарбайжон билан алоқалар устувор эканининг амалий исботидир.

Умуман, икки мамлакат президентлари томонидан парламент дипломатиясига берилган эътибор мустаҳкам сиёсий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.  

Норгул Абдураимова, 

Бекзодбек Саидов (сурат),

ЎзА