Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Танзила Норбоева: Омбудсман институтини ижро органлари эшитиши, сўровларини дарҳол бажариши керак
13:23 / 2025-03-18

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Мазкур масала юзасидан маъруза қилган Омбудсман Феруза Эшматова янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари таъминланиши учун изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. 

Инсон ҳуқуқларига оид қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини олиб бориш, соҳага оид миллий қонунчилик ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга эътибор қаратилмоқда. 

Такрорий мурожаатларнинг олдини олиш чоралари кўрилиши натижасида бу борада ижобий натижаларга эришилди. Такрорий мурожаатлар сони 2024 йилда 3 минг 77 тани ташкил қилиб, олдинги йилга нисбатан 21 тага камайган.

– Ҳар бир инсоннинг мурожаати бизни ўйлантириши керак, –деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Бизнинг асосий мақсадимиз – мурожаатни эшитиб, тезда ё ҳал қилиш, ё тушунтириб беришдан иборат эмас, балки, шу орқали муаммоларни аниқлаб, давлат миқёсида, ҳудуд миқёсида ёки тармоқ миқёсида аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, вазиятни яхшилаш устида ишлашдир. Бўлмаса давом этаверади. Мисол учун, айни пайтда суд-ҳуқуқ, ички ишлар идораларидан норозичилик бор. Президентимизнинг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаларидан кейин таҳлил қиляпмиз. Ҳақиқатдан муаммо кўп. Ҳозир жойларга чиқиб, амалий ишларни бошладик.  Иккита қўмитамиз вилоятларда фаолият бошлади. Айтиб ўтиш керакки, Омбудсманнинг жамиятимиздаги ўрни фақатгина мурожаатларга муносабат билдириш, уларни ҳал қилишга йўналтириш эмас, инсон ҳуқуқларига ҳурмат маданиятини ҳам шакллантиришдан иборат. Қолаверса, Омбудсман институтини, ҳудудий бўлинмаларини ижро органлари эшитиши, уларга  муносабат билдириши ва сўровларини дарҳол бажариши керак. Шундагина бутун жамиятимиз, жамоатчилигимизда Омбудсман институтига ва унинг минтақавий вакилларига ишонч пайдо бўлади. 

Аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш мақсадида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг 86 туман ва шаҳарида тарғибот тадбирлари ўтказилган. Ўтган йили оммавий ахборот воситаларида Омбудсман фаолиятига оид 4 мингдан ортиқ чиқиш ташкил этилган.

Ф.Эшматова ялпи мажлисда эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим камчилик ва муаммолар ҳам кузатилаётганини таъкидлаб ўтди. Хусусан, 2024 йилда Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар сони 23 минг 422 тани ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 25 фоизга ортган.

Мурожаатлар кесимига эътибор берилса, жами мурожаатларнинг 31,8 фоизини ижтимоий ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлар ташкил этиши ва бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 82 фоизга ошгани маълум бўлади. 

Хотин-қизлар ҳуқуқларининг чекланиши, оилада аёлнинг таҳқирланиши, оиладаги тинчликни таъминлаш ва зўравонликнинг олдини олиш масаласида 294 мурожаат келиб тушиб, олдинги йилга нисбатан 121,5 фоизга кўпайган.

Омбудсманнинг минтақавий вакилларига ушбу орган котибиятидан ҳамда фуқаролардан тўғридан-тўғри 3 минг 857 мурожаат келиб тушган. Бу қабул қилинган жами мурожаатларнинг атиги 16,4 фоизини ташкил этган.

Муҳокамалар давомида қонунчиликда белгиланган таъсир чораларидан самарали фойдаланиш, мурожаатларни энг кўп келиб тушган ҳудудлар кесимида ўрганиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда яратилган шарт-шароитлар ва у ерда сақланаётган шахсларнинг муаммолари билан яқиндан танишиш мақсадида мониторинг ташрифлари самарадорлигини ошириш, минтақавий вакилларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.

Ушбу масала якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Норгул Абдураимова,

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА