Олий Мажлис Сенати Ўзбекистонда меҳнат қонунчилигига риоя этиш, айниқса, мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида изчил ишларни амалга оширмоқда.
Сенат ҳузуридаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг саъй-ҳаракати билан болалар меҳнатига барҳам берилди. Буни кўплаб халқаро ташкилотлар эътироф этди. Ўзбекистон пахтасига нисбатан бойкот бекор қилинди.
– Меҳнат стандартларига риоя қилиш борасида қатъиятимиз ўзгармасдир, – дейди Сенат Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева. – Биз халқаро меҳнат стандартларига қатъий амал қилган ҳолда ҳамюртларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга тайёрмиз. Шу боис Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) конвенцияларини ратификация қилиш, Ўзбекистон меҳнат қонунчилигини ХМТ конвенциялари ва тавсияларига мувофиқлаштириш бўйича ишларни келгусида ҳам давом эттирамиз.
Бу фикрлар “Ўзбекистонда ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш мақсадида муносиб меҳнатни тарғиб қилиш” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда қайд этилди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Танзила Норбоева мамлакатимизда сўнгги йилларда қатъий сиёсий ирода туфайли меҳнат муносабатлари соҳасида фуқаролик жамияти вакиллари, халқаро ҳамкор ташкилотлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти билан кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилганини алоҳида эътироф этди.
Халқаро меҳнат стандартларига риоя қилиш, ижтимоий ҳимояни таъминлаш, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш, гендер тенглик ва инклюзивликка эришиш Ўзбекистон учун энг устувор йўналишлардан ҳисобланади. Бу борада келгусида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар давом этади.
ЎзА