Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Танзила Норбоева: "Марказий Осиё + Корея" парламентлараро формати самарали ҳамкорлик майдони
11:28 / 2025-12-16

Тошкент шаҳрида ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилишини Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан очди.

– Йиғилиш Марказий Осиёда нафақат минтақавий, балки глобал аҳамиятга эга бўлган муҳим ва жадал жараёнлар содир бўлаётган бир шароитда ўтмоқда, – деди Т.Норбоева. – Етти йилдан бери муваффақиятли фаолият юритиб келаётган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бугун энг долзарб минтақавий, икки томонлама ва глобал масалаларни муҳокама қилиш учун асосий платформага айланди. Мазкур механизм орқали мамлакатларимиз ўртасидаги ишонч муҳити мустаҳкамланди ҳамда сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик бўйича ёндашувларни уйғунлаштириш учун пойдевор яратилди.

Айниқса, Озарбайжон Республикасининг ушбу форматга киритилгани Янги Марказий Осиёнинг шаклланишига хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда минтақамиз халқаро майдонда ўзаро келишилган позицияси ва умумий манфаатларини илгари суришга қодир бўлган ягона сиёсий ва иқтисодий макон сифатида шаклланиб бормоқда. Бу, шубҳасиз, Марказий Осиёнинг геостратегик аҳамиятини ҳам оширади.

Минтақамиз мамлакатлари ўртасида янги даражадаги парламент ҳамкорлиги ҳам айнан олий даражада ҳамкорлик ва қабул қилинадиган қарорлар асосида шаклланмоқда.

Давлат раҳбарларининг эришган келишувларига мувофиқ Марказий Осиё мамлакатларининг парламентлараро ҳамкорлик формати ҳам яратилди. Қисқа вақт ичида у барқарор мулоқот институтига айланди. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда ўтказилган учрашувлар ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштиришга имкон берди.  

Бугунги кунда миллий қонунчиликларни уйғунлаштириш, қонун ижодкорлиги  бўйича тажриба алмашиш ва бошқа йўналишлар бўйича биргаликда фаол иш олиб борилмоқда.  Глобал муаммоларга нисбатан жавоб топишда, минтақавий ташаббусларни илгари суришда  парламентларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга.  

– Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси халқларини ўхшаш тарихий анъаналар, умумий қадриятлар, тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишга интилиш бирлаштиради. Бу эса ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдевор яратади. “2023 йилда "Марказий Осиё + Корея" парламентлараро форматининг ташкил этилиши ушбу ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Парламентлараро ва ҳукуматлараро мулоқотнинг изчил ривожланиши, ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқиш учун муҳим майдонга айланди. Шу ўринда давлат раҳбарларининг “Марказий Осиё ва Корея Республикаси” форматидаги биринчи саммити 2026 йилда ўтказилиши режалаштирилганини таъкидлаш муҳимдир. Ишончимиз комилки, бўлажак саммит ҳамкорлигимиз ривожланишида янги босқични бошлаб беради, стратегик шериклик мустаҳкамланиши ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун янги йўналишларни белгилаб беради, – деди Сенат Раиси.  

Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА