Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Танзила Норбоева: Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини муносиб иш ўрни ва даромад билан таъминлаш зарур
12:10 / 2024-02-09

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда кам таъминланган оилалар аъзолари бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, солиқ имтиёзлари ва преференциялар, хусусан, солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ҳамда пасайтирилган солиқ ставкаларини белгилаш орқали тадбиркорлик субъектларини камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларга фаол жалб қилиш мақсадга мувофиқ.  

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора‑тадбирлар белгилангани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.  

Қонун билан Солиқ кодексига тадбиркорлик субъектларига улар яратган янги иш ўринлари сонига қараб тегишли солиқларни муайян муддатларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилишини, шунингдек, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўланишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.  

Ушбу масала юзасидан муносабат билдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева ижтимоий сиёсат самарадорлиги, биринчи навбатда, иқтисодий механизмларга боғлиқлигини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, солиқ қонунчилигига киритилаётган қўшимчаларни, нормаларни ижтимоий йўналтирилаётган нормалар деб айтсак, жуда тўғри бўлади.  

– Жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида давлат томонидан жуда катта марралар олинган, – деди Сенат Раиси. – Республикамизда 5 миллионгача янги иш ўринларини яратиш имкониятлари мавжуд. Бу борада ҳозир ҳамма тармоқлар ўз ишини ташкил қилмоқда. Энг асосий йўналиш – бу тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш. Бу жуда муҳим. “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурининг ишга туширилиши ҳам мана шу йўналишдаги ишларни тартибли, ташкилий нуқтаи назардан тўғри олиб боришга имконият яратади. Энг асосийси, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини муносиб иш ўринлари ва даромад билан таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни тизимли равишда амалга ошириш имкониятини беради.  

Асосий масала берилаётган имкониятлардан, биринчи навбатда, тадбиркорларимизни хабардор қилиш. Ҳозир жуда кўп ёшларимиз тадбиркорликка қизиқиб, меҳнат бозорига кириб келяпти. Уларда тадбиркорлик билан шуғулланишга иштиёқ жуда катта. Уларнинг мана шу имтиёзлардан хабардорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини тўғри йўлга қўйиш энг асосий масаладир. Шунинг учун, Солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва тегишли вазирликлар бу борадаги ишларни маҳалладан бошлаб ташкил қилиши керак. Сенат қўмиталарининг ҳам бу борада тармоқлар кесимида ўз вазифалари бор. Айниқса, маҳаллий Кенгашларнинг ишларини фаол ташкил қилиш лозим.  

Кодексда кўзда тутилган қўшилган қиймат, фойда солиғи ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ташқари барча солиқларни улар яратган янги иш ўринлари сонига қараб бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилмоқда. Жумладан, 51 тадан 100 гача янги иш ўрни яратилганда – уч ойгача; 101 тадан 200 гача янги иш ўрни яратилганда – олти ойгача; 200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилганда – ўн икки ойгача, этиб ифодаланди.  

Корхона ишга қабул қилинган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларга камида 1 йил давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори бир бараваридан кам бўлмаган иш ҳақини тўлаб, бандлигини таъминлаши керак.  

Сенаторлар маъқуллаган қонун аҳоли бандлигининг ўсишига, камбағалликни қисқартиришга ҳамда кам таъминланган оилалар аъзоларини ишга қабул қилишда тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.  

Норгул Абдураимова, ЎзА