Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Танзила Норбоева: ҳудудларда аниқланган муаммолар ечимининг ижроси қатъий назоратга олинди
13:57 / 2023-08-24

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида сенаторлар томонидан аҳоли орасида, айниқса, ҳудудларда олиб борилаётган ўрганишлар натижалари, республика даражасида ҳал этилиши зарур бўлган масалаларга эътибор қаратилди.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича қилинган ишлар ва вазифалар юзасидан олиб борилган ўрганишларга тўхталиб ўтилди.  

Ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларда мутлақо янгича ёндашув жорий қилинаётгани қайд этилди.  

— Айнан шундай ёндашув асосида парламент, хусусан, Сенат ҳам фаол иш олиб бормоқда, - деди Сенат раиси Танзила Норбоева. - Давлат раҳбари томонидан Фарғона, Наманган, Андижон вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид вазифаларнинг ижроси устидан парламент назоратини ташкил қилиш билан биргаликда ижросини таъминлашга кўмаклашиш қайд этилди. Бу борада Сенат кенгашининг алоҳида қарори қабул қилинди, ҳудудларда ишлар бошлаб юборилди.

Водий вилоятларида ишчи гуруҳлар дастлабки ўрганишлар ўтказиб, қатор муаммоли масалаларни аниқлади, уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чоралар белгиланди.

“Водий вилоятларидаги туман (шаҳар)ларнинг ҳар бири бўйича жами 1 минг 220 банддан иборат “Йўл харита”лари қабул қилинди. Унда янги иш ўринларини яратиш, инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ҳажмларини ва бюджетга тушумларни ошириш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва бошқа муҳим йўналишлар бўйича 2023 йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар аниқ белгиланди. Аввало, Ҳукумат, қолаверса, масъул этиб белгиланган мутасадди республика ва маҳаллий ижро органларидан ҳар бир банднинг ижроси учун жавобгарлик талаб этилади. Мазкур вазифаларнинг ижроси қатъий назоратга олинди”, деди Сенат раиси.  

Наманган вилоятида ўтказилган ўрганишларда шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника биносини таъмирлашга эҳтиёж борлиги аниқланди.  

Маълумотларга қараганда, Наманган шаҳар аҳолиси сони 1 миллионга яқинлашган. Шаҳарда бор йўғи 4 та туғруқхона фаолият юритмоқда. Вилоят перинатал маркази ҳам (250 ўринли) шу ҳисобда. Бироқ, шаҳар аҳолиси, жумладан, туғиш ёшидаги аёллар сони муттасил ўсиб бормоқда (170 минг нафар). Ўтган йилда шаҳарда умумий туғруқлар сони 20 мингдан зиёдни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 6 ойида салкам 12 мингга етган. Булар орасида эрта туғуруқлар ҳам бор (2022 йилда 1,3 минг, 2023 йил 6 ойида эса 539 та).

- Айнан эрта туғуруқлар сонининг кўплиги, қолаверса шаҳар болалар шифохонасидаги неонотология (кам вазнли чақалоқларни парвариш қилиш) бўлими ортиқча юклама билан ишлаётгани сабабли шаҳар туғуруқ комплекси негизида алоҳида перинатал маркази ташкил этиш таклифи билдирилди, - деб қайд этди Т.Норбоева. – Фикримизча, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур масалани атрофлича ўрганиб, хулоса бериши зарур. Тўғри, шаҳар ҳудудида вилоят перинатал маркази жойлашган. Лекин сиғим жиҳатдан талабга жавоб берадими, деган савол туғилади. Юқорида айтганимдек, эҳтиёж йилдан - йилга ўсиб бормоқда. Аниқ, объектив ҳолатни тўлиқ очиб берадиган хулоса керак. Зеро,  перинатал марказлари  асоратли туғуруқлар ва ногиронликнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Айнан мана шу масала давлатимизда катта устувор вазифа этиб белгиланган. Шунинг учун перинатал марказларини эътибордан четда қолдириш мумкин эмас.

Ушбу объектни 2024 йилдаги Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилиши масаласини Соғлиқни сақлаш ҳамда  Иқтисодиёт ва молия вазирликлари томонидан ижобий ҳал этилиши мақсадга мувофиқ.

Норгул Абдураимова, ЎзА