Самарқанд шаҳрида давом этаётган Осиё хотин-қизлар форумини кириш сўзи билан очган Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табриги ушбу нуфузли анжуманга катта эътибор натижаси эканини қайд этди.
– Ушбу мурожаатда давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида мазкур ташаббусни нега илгари сургани, ундан кўзланган мақсад нима эканини ифодалаб берди, – деди Т.Норбоева. – Ушбу форумнинг Ўзбекистонда ўтказилаётгани мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг амалий натижалари халқаро даражада муносиб эътироф этилаётганига ёрқин мисол бўла олади.
Бугун хотин-қизларнинг давлат бошқаруви, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, илмий-академик ва маданий-гуманитар соҳалардаги фаол иштирокини таъминлаш ҳар қачонгиданда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, жаҳон миқёсида сиёсий-иқтисодий беқарорлик ҳолати давом этаётган, турли низолар, янги хатарлар хавфи юқори бўлаётган бир шароитда мазкур масала долзарблиги янада ошмоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш жаноби олийлари Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган нутқида хотин-қизлар адолатли ва тенг ҳуқуқли дунё тараққиёти йўлида катта ютуқларга эришаётганини алоҳида таъкидлади. Шунинг баробарида, улар кўплаб қийинчиликларга ҳам дуч келаётгани, миллиардлаб аёллар ва қизлар ноҳақлик, камситишларга дучор бўлаётганига урғу берди.
Бош котиб бу борада олиб борилаётган ишлар суръатини жадаллаштириш, хотин-қизларга, гендер тенгликни таъминлашга фаол инвестицияни киритиш, уларни иқтисодиёт, рақамли технологиялар, иқлим ўзгариши каби соҳалар ҳамда дунёда тинчлик ўрнатиш жараёнларига кенг жалб этиш зарурлигини қайд этди.
Шу нуқтаи назардан барқарор ривожланиш бўйича белгиланган 17 мақсад ичида гендер тенгликни таъминлашга устувор аҳамият қаратилиши лозим. Зеро, Барқарор ривожланиш мақсадларининг бирортасига гендер тенгликни ҳисобга олмасдан эришиб бўлмайди.
Бугунги кунда Осиё минтақасининг жаҳон тараққиётида тутган ўрни тобора ортиб бормоқда. Жумладан дунё иқтисодиётида энг катта улушга эга давлатлар айнан Осиё минтақасида жойлашган. Таълим, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, иқтисодиёт ва бошқа кўплаб соҳалар жадал ривожланмоқда. Албатта, тараққиётнинг бундай юксак даражасига эришишда аёлларнинг ролини, уларнинг катта ҳиссасини инкор этиб бўлмайди. Шу маънода айтиш мумкин-ки, Осиё қитъаси мамлакатлари хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва гендер тенгликни таъминлаш борасида ўзининг бой тажрибасига эга.
– Шунинг учун ҳам биз – Осиё давлатларининг етакчи хотин-қизлари, мазкур соҳадаги мавжуд муаммо ва масалаларни кўриб чиқиш, бир-биримиздан ижобий тажрибаларни ўрганиш, барчамиз учун бирдек муҳим бўлган қарорларни қабул қилиш ва дўстона муносабатларни ўрнатиш мақсадида бу ерга йиғилдик. Ўз ўрнида таъкидлашим лозим, Осиё минтақасида аёлларининг ўзаро тажриба алмашиш бўйича ижобий амалиётимиз мавжуд. Жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти бугунги кунда гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид минтақадаги долзарб муаммоларни ҳал қилишда самарали платформа сифатида хизмат қилмоқда. Ўйлайманки, ушбу платформанинг тажрибаси асосида бутун Осиё аёлларини бирлаштиримиз зарур, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари