Танзила НОРБОЕВА: 2019 йилда мамлакатимизда мажбурий меҳнатни бартараф қилиш бўйича олиб борилган ишлар ижобий баҳоланди
Халқаро меҳнат ташкилоти вакилининг ўзи бу ҳақда айтиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бугун пойтахтимизда “Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлида муносиб меҳнатни таъминлаш” мавзусида бўлиб ўтган халқаро давра суҳбати доирасида оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсида ўтказилаётган тадбир ҳақида қуйидаги фикрларини баён қилди:
— Бугун мажбурий меҳнатни бартараф қилиш учун юртимизда олиб борилаётган ишлар юзасидан Халқаро меҳнат ташкилоти вакилларининг хулосалари тақдим этилди. 2019 йилда ташкилот томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра мамлакатимизда бу борада олиб борилган ишлар жуда ижобий баҳоланди. Олдинги йилларда меҳнатда мажбурлаш ҳолатлари, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида бюджет ташкилотлари ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари кузатилган бўлса, охирги икки йилдан бери мажбурий меҳнат ҳолатлари ҳам тўлиқ бартараф этилгани эътироф қилинди. Халқаро меҳнат ташкилоти вакилининг ўзи бу ҳақда айтиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Стратегиянинг асосий мақсади соҳага оид барча йўналишдаги ишларни тўлиқ бозор механизмларига ўтказишдир. Бунда юртимизда етиштирилган пахта, ғалла ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, аввало, тадбиркорлар иштирокида кластер усулида ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда. Ҳар томонлама ижтимоий масъулият билан етиштирилган маҳсулотларни дунё бозорига олиб чиқиш мақсад қилинган.
Мурожаатномада айтиб ўтилганидек, эндиликда бу тизимда давлат буюртмаси тушунчаси бекор қилинади. Демак, буюртма бекор қилинар экан, на ҳокимликлар, на бошқа давлат идоралари бу жараёнга аралашмайди. Эндиликда кластерлар, тадбиркорлар пахтани экишдан бошлаб, маҳсулотни тайёрлашгача бўлган жараённи ўзлари эркин бошқаради.