Устоз ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид давраларда, адабий анжуманларда кўпинча "Рухсатингиз билан шеър ўқиб берсам”, деб аудиториядан изн сўраб, кейин шеър ўқийдиган одати бор. Одатки, ёш ижодкорларга мудом камтар, оддий бўлиш сабоғи, ибратидек гўё.
Чиндан ҳам ҳар қандай инсонни энг аввало, самимият, оддийлик, камтарлик, одамийлик, одамгарчилик, софдиллик, тоза, беғубор қалб, ҳалоллик, тўғрилик зийнатлайди. Устоз Сирожиддин Саййид ана шундай фазилатлар соҳиби экани билан кўпчилигимиз учун намунадир. Аслида Сирожиддин ака наинки шеърият, балки наср, бадиий таржима, публицистика ва бошқа йўналишларда ҳам фаол ижод қилиб келаётгани ва бу йўналишларда ўзига хос ижодий мактаб ярата олгани диққатга сазовор.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллий адабиётимиз, китобхонликни ривожлантириш борасидаги эзгу ташаббуси мамлакатимизда кенг қулоч ёзмоқда. Бу эзгу хатти-ҳаракатлар замирида адабиёт, китобхонлик, маънавият ва маърифатни жаҳолатга қарши курашда энг улкан қалқонга айлантиришдек ғоя мужассам.

Давлатимиз раҳбари томонидан эзгу ташаббусни амалда жорий этишда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Сирожиддин Саййид раҳбарлик қилаётган Ёзувчилар уюшмасининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги аҳамиятга молик.
Уюшма томонидан ўтказилаётган “Маърифат улашиб”, “Адабиёт ҳафталиги”, “Хиёбон оқшомлари”, “Менинг биринчи китобим” каби кўплаб қизиқарли лойиҳалар ёшларнинг шеъриятга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда атоқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар билан ўтказилаётган учрашувлар, адабий мулоқотлар, маърифий анжуманлар мамлакатимиздаги адабий жараёнлар билан халқимизни яқиндан таништиришда, қаламкашларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан асос солинган ва кейинги йилларда қайта тикланган Республика ёш ижодкорларининг Зомин ижодий семинари адабиётга меҳри баланд ёшларнинг ўзига хос ижодий олимпиадасига айланди, десак муболаға бўлмайди. Ёш қаламкашларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш, улар фаолиятини янада кўпроқ қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда Сирожиддин Саййиднинг ҳиссаси айниқса катта бўлмоқда. Шу билан бирга, уюшмада бугунги кунда халқаро адабий алоқаларнинг тобора кенгайиб бораётгани миллий сўз санъатимизни халқаро миқёсда танитишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилаётган шеърият фестиваллари, халқаро форумлар, нуфузли адабий анжуманлар Ўзбекистонда адабиёт муттасил ривожланиб бораётганини кўрсатмоқда.
Сирожиддин ака ижодида Ватан, миллий ўзлик, истиқлол, ҳуррият, баркамол авлод тарбияси, бой анъана ва қадриятларимиз, гўзал Сурхон манзаралари бор жозибаси билан кўзга ташланиб туради.

Айтиш керакки, Сирожиддин Саййиднинг илк шеърлар тўплами — «Руҳим харитаси» номи билан 1985 йилда нашр этилган. Адабиёт мухлисларига устоз ижодкорнинг «Салқин харсанглар кафтида» (1987), «Севги мамлакати» (1989), «Асрагил», «Меҳр қолур, муҳаббат қолур» (1990), «Куйдим» (1994), «Ватанни ўрганиш» (1996), «Ватан абадий» (2001), «Устимиздан ўтган ойлар» (2003), «Қалдирғочларга бер айвонларингни» (200) ва бошқа тўпламлари яхши маълум.
Адабиётшунос олимлар фикрига кўра, Сирожиддин Саййид шеъриятида ўзбек мумтоз шеърияти анъаналари билан бирга, халқ оғзаки ижодига хос хусусиятлар — халқчиллик, соддалик, тилнинг ширалиги, Сурхондарё шевасига хос лексик ва мусиқий товланишлар етакчилик қилади. Шунинг учун унинг аксарият шеърлари бетакрор қўшиқларга айланган. Айни пайтда Сирожиддин Саййид ўз ижодида ўзбек шеъриятининг сўнгги бадиий ютуқларини ўзлаштирган ҳолда ҳозирги воқелик ва кишиларнинг руҳий оламида юз бераётган ўзгаришларни акс эттирган.
Ижодкор Андрей Вознесенскийнинг «Мангу ризқ» (1990) асарини ўзбек тилига таржима қилган.
Кейинги йилларда Сирожиддин Саййиднинг ижод намуналари кўплаб хорижий тиллар, шунингдек туркий тилларга таржима қилинмоқда.
Устознинг “Элдошларим, дилдошларим”, “Вақт ҳайкали”, “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур...”, “Замон қасри” каби китоблари адабиёт ихлосмандлари учун ўзига хос туҳфа бўлди. Ушбу китобларда шоир замон, давр қаҳрамонларининг азму шижоати билан эзгу орзу-умидларини, улуғ аждодларимизнинг руҳий ва қалб кечинмаларини, орзу ва изтиробларини, инсон умрининг мазмун-моҳияти адабиёт ва журналистиканинг турли жанрларида жонли, ҳаётий ва ўзига хос бетакрор тарзда ифода этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ шоири Сирожиддин Саййид «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.
–Давлатимиз раҳбари халқимизни китобхон миллатга айлантириш борасидаги эзгу ташаббуслари бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйди, – деди Ёзувчилар ушмаси раиси, халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Сирожиддин Саййид. – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, адабиёт аҳли, барчамиз ушбу эзгу мақсаднинг амалга ошиши йўлида куч-ғайратимизни аямай, янада катта илҳом ва шижоат билан меҳнат қиламиз.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбир