English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Танқидий мақолага қандай муносабат билдирилди?
15:31 / 2023-06-15

ЎзА расмий сайтида 2023 йил 13 июнь куни “25 миллион сўм кредит бир оилани боши берк кўчага киритди” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.

Мақола бўйича Бош прокуратура матбуот хизмати ЎзАга Нурота тумани прокуратураси тайёрлаган маълумотни тақдим этди.  

Унда қайд этилишича, “Фуқаро С.Турсунова ва У.Эшбоеваларнинг фуқаро И.Шукуровнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризалари юзасидан туман ИИБда терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилган.

Нурота тумани “Қизилча” маҳалла фуқаролар йиғинидаги  Сойкечар қишлоғида яшовчи фуқаро Севара Турсунова ариза билан мурожаат қилиб, унда 2021 йил май ойида “Нур Агро 2020” МЧЖ раҳбари Исроил Шукуров уйида тик қудуқ қазиб беришни ваъда қилиб, уни алдаб, ишончига кириб, кредит ҳужжатларига имзо қўйдириб, унинг уйида қудуқ қазиш ишларини бошлаб, шундан сўнг қудуқ қазиш ускунаси бузилиб қолганини баҳона қилиб, қазиш ишларини охирига етказмасдан кетиб қолганини, шунингдек, банкдан унинг номига расмийлаштирилган 25 миллион 800 минг сўм миқдоридаги кредит маблағини ҳам ўзлаштириб кетганини, ҳозирда ушбу кредит суммаси фоизлари билан ҳисоблаганда 40 миллион  сўмга етиб қолганини, МИБ ходимлари келиб, пулни ундан талаб қилаётганини, И.Шукуров томонидан бугунги кунга қадар бажарилиши лозим бўлган қудуқ қазиш ишлари амалга оширилмасдан, ўзлаштирилган кредит маблағи ҳам қайтарилмасдан келинаётгани сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Нурота тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатларга кўра бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмагани, кўрсатиб ўтилган ҳолатларда фуқаро С.Турсунова ҳамда И.Шукуровлар ўртасида тик қудуқ қазиб бериш бўйича шартнома тузилгани, шартномада кўрсатилган мажбуриятлар бажарилмагани ҳолати шартномавий муносабат бўлгани сабабли     09.05.2023 йилда ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.  

Ушбу қарор туман прокуратураси томонидан ўрганилганда, терговга қадар текширув ҳаракатлари тўлиқ ва ҳар томонлама олиб борилмасдан шошма-шошарлик билан қарор қабул қилингани аниқланиб, 01.06.2023 йилда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш учун туман ИИБга юборилган. Ҳозирда туман ИИБ томонидан  қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

Шунингдек, тўпланган ҳужжатларга кўра, фуқаро С.Турсунова ушбу ҳолат юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, суднинг 01.06.2022 йилдаги ҳал қилув қарори билан шартнома шартлари тулиқ бажарилмаганлиги сабабли жавобгар “Нур Агро-2020” МЧЖ зиммасига фуқаро С.Турсунованинг уйига тик қудуқ қазиб бериш ва насос ўрнатиб бериш мажбурияти юклатилган.  

Мазкур ҳал қилув қарори Мажбурий ижро бюросининг туман бўлимига келиб тушган бўлиб, бюро томонидан суд қарори ижросини  мажбурий ижросига киришилган”.

P.S: Демак, мақолада тилга олинган, айни пайтда муаммолардан изтиробга тушиб, тўшакка михланиб қолган 65 ёшли онахоннинг ҳовлисида қудуқ қазиш ишлари бошланади.  

Ушбу ҳолат ижобий натижа топгунча назоратимизда бўлади.  

Кредит маблағи мақсадсиз ишлатилганига панжа орасидан қараган банк ходимлари хатти-ҳаракатларига ҳам баҳо берилади, деган умиддамиз.  

Бир оиланинг бошига берк кўчага кириб қолиши ва пароканда бўлаётганига бефарқ қараган мутасаддилардан ҳам жавоб кутамиз.  

Норгул Абдураимова, ЎзА