Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йилдан бошлаб Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 1-4 бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилган эди.
Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раислигида жорий йилнинг 1 ноябрь куни ўтказилган халқ таълими соҳасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикасидаги мактаб ўқувчиларига бепул тушлик бериш билан боғлиқ муаммо ҳам танқидий муҳокама қилинди.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Кенгашининг қарори қабул қилиниб, мазкур қарор билан тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар белгилаб берилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бўлим бошлиғи Сулайман Ҳабибов. – 2022-2023 ўқув йилида 716 та таълим муассасасида 143 минг 577 нафар бошланғич синф ўқувчиси кейтеринг ташкилотлари томонидан бепул озиқ-овқат билан таъминланиши белгиланган. Қорақалпоғистон Республикасида мавжуд 716 та умумтаълим мактаблари ҳудудлар кесимида 64 та лотга жойлаштирилди. Умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчиларини бепул кейтеринг усулида овқатлантириш мақсадида кейтеринг ташкилотини танлаб олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида” ги қонуни талабларига мувофиқ харид қилиш тартиб-таомиллари асосида танлов ўтказиш учун оммавий ахборот воситалари орқали эълонлар берилди.
Платформага жойлаштирилган 64 та лотдан 41 та лот 11 та тадбиркорлик субъекти томонидан ютиб олиниб, шартномалар расмийлаштирилди. Ҳозирда 716 та умумтаълим мактабидан 481 та мактабда бошланғич синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланмоқда.
22 та лотда баҳолаш ишлари тугатилиб, баённомалар расмийлаштирилиб, 24 октябрдан бошлаб нонушта тарқатилиши режалаштирилган эди. Лекин, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги” ги низомнинг бузилиши бўйича ўтказилган 22 та лот танлови ишчи гуруҳ комиссияси томонидан бекор қилинди ва бундан ташқари, тадбиркорлик субъекти томонидан 1 та лот бекор қилиниб, жами 23 та лот танлов(тендер)га қайта жойлаштирилди.
Жорий йил 11 ноябрь куни ўқиш бошланиши билан барча мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларини бепул тайёр озиқ-овқатлар билан таъминлаш режалаштирилган.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири