Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Танловнинг вилоят босқичи
18:49 / 2025-11-29

Сирдарё вилоятида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” кўрик-танловининг вилоят босқичи кўтаринки руҳда ўтди. Мазкур танлов маҳаллаларда ободлик ва озодаликни таъминлаш, аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, қўни-қўшничилик анъаналарини мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқароларнинг маҳалла ривожига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Бу галги босқичда туман ва шаҳарларда ғолиб чиққан 33 нафар иштирокчи республика босқичига йўлланма учун ўзаро беллашди. Улар ўз ҳудудларида амалга оширган ободонлаштириш ишлари, ташаббускорлиги ва намунавий фаоллиги билан ҳакамлар ва иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Вилоят босқичига қадар бўлган саралаш жараёнларида жами 221 та маҳалладан 25 мингдан зиёд хонадон ҳамда 3 мингдан ортиқ кўча бошилари иштирок этишди. Бу кўрсаткич танловнинг аҳоли орасидаги нуфузи ва оммалашиб бораётганидан далолат беради.

Беллашув натижасига кўра “Обод хонадон” йўналиши бўйича Гулистон шаҳрининг Навбаҳор маҳалласидаги намунавий хонадон эгаси Улуғбек Тўйчиев, “Обод кўча” йўналиши бўйича Ховос туманидаги Қайирма маҳалласининг “Боғистон” кўчасининг бошиси Нажмиддин Жўраев,“Обод маҳалла” йўналиши бўйича эса Янгиер шаҳрининг “Бинокор” маҳалласи раиси Шаҳзода Яхшибоевалар биринчиликни қўлга киритишиб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишди.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Тадбир ташкилотчиларининг таъкидланишича, ушбу кўрик-танлов нафақат ҳудудларни обод қилиш, балки аҳоли ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, фуқаролик масъулияти ва ташаббускорликни юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА