Бухорода “Йил аёли”, “Гендер тенглик фаоли”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” республика танловларининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда муваффақият қозонган хотин-қизларни вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳафиза Артикова, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Жамол Носиров, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Бухоро вилояти кенгаши раиси Зулфия Тўева табриклади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 27 апрелдаги қарорига мувофиқ ташкил қилинган жорий йилги “Йил аёли” миллий танловида Бухоро вилояти шаҳар ва туманларидан 125 нафарга яқин аёллар иштирок этган бўлса, шундан 44 нафари вилоят босқичига саралаб олинган. “Гендер тенглик фаоли” миллий танловига эса 40 нафардан зиёд талабгор ҳужжат топширган. “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” республика танловининг Бухоро вилоят босқичида 516 та маҳаллада фаолият юритаётган 332 нафар маҳалла хотин-қизлар фаолларидан 13 нафари ғолибликни қўлга киритган. Вилоят босқичига ўтган талабгорлар танлов комиссиялари томонидан ўрганилиб, ғолиблар аниқланди.


Ҳар учала танлов йил сарҳисоби ҳамдир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Хотин-қизлар оила ва гендер комиссияси ҳамкорлигида “Аёл – меҳр-садоқат ва тараққиёт тимсоли” шиори остида бўлиб ўтган маънавий-маданий тадбирда танлов ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.