Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги 13-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди.
Танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган истеъдодли, зукко ва ташаббускор 33 нафар ёш қиз адабиёт, санъат (тасвирий, амалий, безак ва дизайн йўналишлари), маданият, таълим, фан, спорт ҳамда жамоатчилик фаолияти каби йўналишларда ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишди.

Қатнашчиларнинг ижодий ишлари ва лойиҳалари танлов низоми талабларига мувофиқ баҳоланди. Ҳар бир йўналишда иштирокчиларнинг ижодий ёндашуви, билим ва маҳорат даражаси, жамоат ишларидаги фаоллиги инобатга олинди.

Танлов давомида ёшлар томонидан шеърият ва мусиқа йўналишидаги чиқишлар, рассомчилик ва амалий безак санъатига оид ишланмалар, спортдаги ютуқлар ҳамда таълим соҳасидаги инновацион ғоялар намойиш этилди.

Натижада ўз соҳасида алоҳида фаоллик ва иқтидор кўрсатган иштирокчилар танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Тадбир якунида Гулистон тумани ҳокимининг ўринбосари Матлуба Худойбердиева ғолиб ва фаол иштирокчиларни табриклаб, уларга туман ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

– Зулфия номидаги Давлат мукофоти — бу нафақат иқтидорли қизлар учун катта шараф, балки уларни янги марраларга илҳомлантирадиган масъулият ҳамдир, – деди Матлуба Худойбердиева. – Бу танлов орқали ёш авлоднинг ижод, илм, спорт ва жамоат ишларига бўлган қизиқишлари янада ортаётганини кузатиш мумкин.

Тадбир якунида иштирокчилар учун концерт дастури ташкил этилди. Ёш ижодкорлар она Ватан, ёшлик ва бахт ҳақидаги қўшиқлар ва шеърлар билан чиқиш қилиб, байрамона руҳдаги тадбирга ўзгача мазмун бағишлашди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири