Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Танлов-тендер савдоларидаги қонун бузилишлар
15:51 / 2023-12-15

Бугун инсон омилини аралаштирмасдан, тоза рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида кўплаб хизматлар ва маҳсулотларнинг электрон савдолари орқали сотилиши йўлга қўйилган. Мамлакатимизда ҳам ушбу механизм самарали фаолият кўрсатмоқда. Аммо электрон савдоларда ҳам қонун бузилиш ҳолатлари аниқланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда тайёрлаган мақолада шу ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. 

Маълумотларга кўра, ҳудудий бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунлари талабларига риоя қилиниши бўйича асосан махсус ахборот порталидаги маълумотларни мониторинги, жисмоний ва юридик шахслар томонидан қилинган мурожаатлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хат ва талабномаларига асосан ўз ваколати доирасида жорий йилнинг 11 ойи давомида 1 минг 968 та лот жами 1206,62 миллиард сўмлик танлов ва тендер савдоларида ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганишлар давомида 273 та ҳолатда 186,92 миллиард сўмлик танлов-тендер савдоларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунлари талабларига риоя қилинмаганлик ҳолатлари аниқланган. Шундан ҳудудий бошқарманинг вилоят ҳудудида ўтказилаётган харидлар бўйича “etender.uzex.uz” махсус ахборот порталида жойлаштирилган маълумотлардан фойдаланган ҳолда ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати асосида вилоят ҳудудида ўтказилган 1минг 357 та 909,43 миллиард сўмлик лотларда ўрганиш (мониторинг) ўтказилган бўлиб, ўрганишлар натижасида 13 та 5,27 миллиард сўмлик лотларда танлов-тендер савдоларида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Ҳудудий бошқармага юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат харидлари соҳасида ўтказилган танлов ва тендер савдоларидан норози бўлиб қилган 60 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар асосида ўтказилган ўрганишлар натижасида 51 та 21,65 миллиард сўмлик лотларда танлов (тендер) савдоларида рақобатга зид ҳолатлар аниқланган.

– Юқорида қайд этилган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича ҳудудий бошқарма томонидан 52 та танлов-тендер савдолари бўйича иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримлар чиқарилган ҳамда бошқарма махсус комиссияси томонидан тегишли қарор ва кўрсатмалар берилган, – дейди бошқарма бошлиғи Санжар Содиқов. – Мазкур қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган 36 та мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган ва тегишли судларга юборилган. Бундан ташқари, ҳудудий бошқарма мутахассислари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг талабнома ва хатларига асосан танлов ва тендер савдоларининг қонунийлиги юзасидан 551 та лот жами 270,68 миллиард сўмлик танлов-тендер савдолари ўрганилган. Натижада 209 та 159,98 миллиард сўмлик танлов савдоларида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган ва аниқланган қонун бузилишлар тўғрисидаги маълумотномалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилинган. Шунингдек 6 та танлов савдоларидаги камчиликлар буюртмачилар томонидан ихтиёрий бартараф этилган.

– Таҳлилларда, аниқланган қонун бузилиш ҳолатларининг аксарияти қисми ободонлаштириш бошқармаси, соғлиқни сақлаш ҳамда мактабгача ва мактаб таълими тизими ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Атхам Орипов. – Хусусан, Косон тумани тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида Давлат харидлари махсус ахборот портали etender.uzex.uz махсус электрон порталидаги 318786-лот рақамли 137156052 сўмлик “Тиббиёт бирлашмага иссиқ овқат (аутсорсинг) хизмати кўрсатиш”, 319260-лот рақамли 315512000 сўмлик “Юқумли касалликлар шифохонасига иссиқ овқат (аутсорсинг) хизмати кўрсатиш” бўйича танлов савдолари ўтказилган. Танлов савдоси бўйича “Жомбой парҳез таом” МЧЖнинг танловларни баҳолашда нохолисликка йўл қўйилганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ҳудудий бошқармага ўрганиш учун келиб тушган. Ушбу танлов савдоси ўрганилганда танловларнинг техник қисми 13 та мезонга асосланиб баҳоланган ва баҳолаш натижалари Ҳудудий бошқарма мутахассислари томонидан ўрганилганда харид комиссияси аъзолари томонидан иштирокчиларнинг таклифларини нотўғри баҳолашга йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланган. Ушбу танлов савдосининг техник қисмини баҳолашда танлов ғолиби ва мурожаатчи иштирокчилар томонидан ҳам танлов шартларига сўралган ҳужжатлар тақдим қилинган бўлсада, ҳар хил баллар берилганлиги, мурожаатчи томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар асоссиз кам баллар билан баҳоланганлиги сабабли буюртмачи танлов савдосининг натижасига таъсир кўрсатганлик ҳолатлари юзага келганлиги кузатилган.

Юқоридаги ҳолатлар натижасида Косон туман тиббиёт бирлашмаси томонидан нотўғри баҳолаши туфайли Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 22 апрелдаги  “Давлат харидлари тўғрисида” ги Қонунини 10-моддаси, 20-моддаси, 32-моддаси, 46-моддаси ҳамда “Рақобат тўғрисида” ги Қонунини 14-моддаси “Танлов (тендер) савдоларига доир монополияга қарши талаблар”нинг 1-хатбошида кўрсатилган (яъни савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузишга йўл қўйилмаслиги) талаблари бузилишига йўл қўйилгани аниқланган.

Мазкур аниқланган қонун бузилишларга йўл қўйган Косон туман тиббиёт бирлашмасига нисбатан иш қўзғатилиб, танлов савдоси буюртмачи томонидан ихтиёрий бекор қилинганлиги сабабли комиссиянинг қарорига асосан қонун бузилишларни тўхтатиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилган. Танлов савдоси ўтказишда қонун бузилишга йўл қўйган масъул ходимга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилган.

Яна бир мисол Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармасига Қарши шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидаги давлат харидлари тартибининг бузилиши масаласини кўриб чиқиш ва тегишли чоралар кўриш учун Қарши туманлараро иқтисодий судининг 28.09.2023 йилдаги 4-1801-2302/5385-сонли хусусий ажрими келиб тушган.

Қарши туманлараро иқтисодий судининг ажримида “Пўлат иншоот” МЧЖнинг Қарши шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан 260599473 сўмлик қарздорлик ва суд харажатларини ундиришни сўраб қилган даво аризаси кўриб чиқилганлиги, ишни кўриб чиқиш давомида даъвогар вакили томонидан Қарши шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими ва “Пўлат иншоот” МЧЖ ўртасида 2023 йил 5 июлда 149-сонли “Қарши шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 12-сонли умумий ўрта таълим мактабини ҳожатхона биносини ва 22 метр деворини жорий таъмирлаш” ишларини бажариш учун 260599473 сўмлик шартнома тузилганлиги ва ўтказилган суд жараёнида шартнома тузилишидан олдин танлов савдосига қатнашмаганлигини билдирилган. Қарши шаҳар ММТБ томонидан иштирок этган вакил томонидан ушбу низоли шартнома бўйича танлов савдоси ўтказилмаганлиги, шартнома бўлим ҳисобчилари билан келишмасдан тузилганлиги, юридик хизмат томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаганлиги, Қарши шаҳар ММТБ томонидан давлат бюджетидан таъминланадиган муассаса эканлиги, шартномалар ғазначилик бўлимидан рўйхатдан ўтмаганлиги маълум қилинган. 

Ўтказилган ўрганиш натижасида тарафлар ўртасида пудрат шартномалари тузишдан олдин танлов (тендер) савдолари ўтказилмаганлиги, Давлат буюртмачиси томонидан эса юқоридаги жорий таъмирлаш ишлари бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга тааллуқли Ўзбекистон Республикаси Президентининг муайян фармон ва қарорлари ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида кўрсатмалар мавжуд эмаслиги сабабли ушбу шартномалар амалдаги қонунчилик талаблари бузилган ҳолда тузилганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолатларда, давлат буюртмачиси, яъни Қарши шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан “Пўлат иншоот” МЧЖ билан 2023 йил 5 июлда 149-сонли “Қарши шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 12-сонли умумий ўрта таълим мактабини ҳожатхона биносини ва 22 метр деворини жорий таъмирлаш” ишларини бажариш учун тузилган шартномани имзолашда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилганлиги аниқланди.

Мазкур аниқланган қонун бузилишларга йўл қўйган Қарши шаҳар ММТБга нисбатан иш қўзғатилиб, комиссиянинг қарорига асосан ушбу қонун бузилишларни тўхтатиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича қарор ва кўрсатма берилган. Масъул ходимга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилган.

Бу каби мисолларни кўплаб санаш мумкин. Албатта юқорида келтирилган фактлар мисоллар ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган таҳлиллар натижаларидир. Ҳали ўрганилмагани қанча. 

Яна бир гап. Ҳукуматимиз томонидан тендер савдоларининг онлайн йўлга қўйилиши ва электрон тарзда ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Юқоридаги мисоллардан ва фактлардан кўриниб турибдики, таниш-билишчилик, коррупция каби иллатлар қон-қонимизга сингиб кетган ва уни бартараф этиш йўлида қилинаётган ҳаракатлар албатта бир кун ўз натижасини беради. 

 

Ўлмас Баротов, 

ЎзА мухбири