Бухорода Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 9-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган “Ҳуқуқий-маърифий билимдон” республика ижодий кўрик-танловининг республика босқичи бошланди.
Танловнинг тантанали очилиш маросимида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев, шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари иштирок этиб, барча иштирокчиларга омад тилади.


Танловнинг асосий мақсади ёшлар онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик, одоб-ахлоқ, ватанпарварлик, давлат рамзларига ҳурмат, ҳуқуқий маданият ва ижтимоий-сиёсий фаоллик тамойилларини сингдиришдир. Мазкур кўрик-танлов ёшларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириш, уларни мустақил қарор қабул қилишга ўргатиш, ижодий салоҳиятини юзага чиқариш ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Танловда вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар иштирок этиб, савол-жавоб, тест ва саҳна кўриниши шартлари асосида ўзаро куч синашди.
Биринчи шарт доирасида жамоалар тест саволларига жавоб бериб, ўзларининг умумий ҳуқуқий билимларини намойиш этди. Иккинчи шартда иштирокчилар ҳуқуқий билимдонлик бўйича беллашди. Ушбу босқичда жамоаларга конвертларда муҳрланган учта савол тақдим этилди. Иштирокчиларга тайёргарлик кўриш учун 5 дақиқа, жавоб бериш учун эса 2 дақиқа вақт берилди. Мазкур шарт жами 30 балл билан баҳоланди.
Танлов жараёнлари юқори савияда, шаффофлик ва холислик тамойиллари асосида ташкил этилган бўлиб, иштирокчиларнинг ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.