Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазмалар саройида “Қорақалпоғистон: кеча ва бугун” номли фотокўргазма ва шу мавзудаги фототанлов ғолибларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фототанловнинг асосий мақсади Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, инфратузилмавий ўзгаришларни, ёшлар ташаббусларини ва мамлакатнинг янги қиёфасини фото суратлар орқали жамоатчиликка етказиш, шунингдек, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва фотография санъатига бўлган қизиқишни оширишдир.
[gallery-27649]
Танловда 10 нафар фотограф иштирок этиб, уларнинг ишлари профессионал ҳакамлар томонидан баҳоланди. Натижада энг яхши деб топилган суратлар кўргазмага тақдим этилди. Мазкур кўргазмада ишлари юқори баҳоланган 5 нафар муаллифнинг 80 дан ортиқ фотосурати ўрин олди.
Танлов якунлари бўйича биринчи ўринни Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бўйича фотомухбири Мақсад Ҳабибуллаев, иккинчи ўринни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Матбуот хизмати раҳбари Ислом Матеков, учинчи ўринни Амударё тумани “Тараққиёт кўзгуси” газетаси фотомухбири Маҳмуд Шамуратов эгаллади. Ғолиблар, шунингдек, фаоллиги билан кўзга ташланган ҳаваскор сураткашлар ташкилотчилар томонидан сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Мазкур фотокўргазма мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, сўнгги ўзгаришларни, ёшлар фаоллигини ва инфратузилмавий ривожланишни фотосурат санъати орқали кенг жамоатчиликка етказишни мақсад қилган. Бундай фотокўргазманинг илк бор ўтказилиши ҳудудда фотография санъати ривожига янги йўналиш берган муҳим тадбир бўлди. Бугунги кунда юртимизда профессионал фоторассомлар саноқли. Шунга қарамай, ушбу кўргазма сураткашлар ва ҳаваскор муаллифларни бир жойга тўплаб, уларнинг ўзаро тажриба алмашиши орқали янги муаллифларни аниқлашга катта имконият яратди – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими матбуот котиби Муслима Мамбетниязова.
Бундай тадбирларнинг ўтказилиши аҳолининг, айниқса, ёшларнинг фотография санъатига бўлган қизиқишини янада оширишга, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга ва Оролбўйининг бугунги қиёфасини кенг жамоатчиликка танитишга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jZwV-dLUPxM" title="Tanlov g`oliblari taqdirlandi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.