Андижон давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида онлайн тарзда ўтказилган “Ифтихоримсан, Ватан!” вилоят танловининг “Энг яхши шеър” йўналиши ғолиблари тақдирланди.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат, ватанпарварлик, юрт равнақидан фахр-ифтихор туйғуларини мустаҳкамлаш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида танлов ўтказилди. Танловнинг “Энг яхши шеър” йўналиши ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Комилжон Комилов мамлакатимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Таниқли шоирлар, ижодкорлардан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, танловнинг “Энг яхши шеър” йўналиши бўйича биринчи ўринни Балиқчи туманидаги “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Жўрабек Латипов қўлга киритиб, 1-даражали диплом ва 10 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Танловда иккинчи ўрин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёш ижодкор Гулрухсор Умматовага, учинчи ўрин Андижон давлат университети магистранти Моҳинур Сотволдиевага насиб этди. Танлов совриндорлари диплом, 8 ва 5 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
[gallery-19629]
– Ватан ҳақида шеър ёзиш, юртни тараннум этиш мен учун юксак шараф, – дейди танлов совриндори Гулрухсор Умматова. – Аллалар айтиб, бизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаб улғайтирган онамиздай қадрли, камолотимиз учун кенг имкониятлар яратиб бераётган она юртимизни ижодимизда ҳар қанча улуғласак камлик қилади.
Ижодимиз, шеърларимиз орқали тенгдошларимиз қалбида юртга муҳаббат туйғусини оширишга, Ватанни севишга оз бўлса-да, ҳисса қўша олсам, ўзимни бахтиёр ҳисоблайман.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбири